Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида янгича ёндашув
2021-06-07 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Президентимизнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани халқаро андозаларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш муҳитини яратиш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилишга оид имзолаган Қарор ва Фармонлари ижросини таъминлашга қаратилган ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Қарорга мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди:
мутасадди идоралар томонидан халқаро стандартлар ва техник регламентларнинг жадал жорий этилишини мувофиқлаштириб бориш;
маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларни бузганликда айбдор бўлган тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), сотувчилар ва ижрочиларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш бўйича судга мурожаат қилиш;
корхоналарда техник регламент ва стандартлар талабларига риоя этмаганлик учун корхона ва тармоқ раҳбарларига тақдимномалар киритиш;
техник регламентлар, стандартлар ва қонунчиликда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва реестрини юритиш.
Журналистларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан, асосий мақсад мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилганлиги тўғрисида маълумотлар берилмоқда.
Шунингдек, тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, саноат корхоналари билан тизимли ишларни ташкил этиш агентлик олдидаги муҳим вазифа ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги