Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё чемпионати қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди
2021-06-03 | Спорт
БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган бокс бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари мисли кўрилмаган ютуқларга эришишди. Дубай рингларига кўтарилган 20 нафар боксчимиздан нақд 18 таси ватанга медаль билан қайтди.
Ғолиб спортчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Боксчиларимизни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) раиси Рустам Шоабдурахмонов ва бошқа масъуллар кутиб олишди.
Маросимнинг иккинчи қисми МОҚда давом этди. Тадбирда Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, даставвал терма жамоамиз аъзоларини йирик ғалаба билан қутлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг боксчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Табрикнинг асл нусхаси Ўзбекистон бокс федерациясига тантанали равишда топширилди.
Қитъа чемпионатида қаҳрамонлик кўрсатган боксчиларимиз, уларнинг мураббийлари ва ота-оналари ҳам йиғилиш доирасида ўз дил изҳорларини билдиришди. Жумладан, Осиё чемпиони Ситора Турдибекова шундай деди:
“Осиё чемпионатида бундай юқори натижаларга эришишимизда албатта мураббийларимизнинг ҳиссалари катта. Айниқса, Президентимизнинг табрикларини эшитгандан кейин қувончимиз янада ортди. Бизга ишонч билдириб, шундай шароитларни яратиб берган давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз. Келгусида бундан ҳам йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада юқори кўтаришга сўз берамиз”.
Осиё чемпионати ғолиби Баҳодир Жалоловнинг онаси Сабоҳат Жалолова ҳам барчани ғалаба билан табриклади.
“Ушбу ғалабалар барчага муборак бўлсин. Биз - ота-оналар фарзандларимизнинг ютуқларидан жуда ҳам хурсанд бўлдик. Янги Ўзбекистонга мана шундай ёрқин ғалабалар ярашади. Умид қиламанки, ўғил-қизларимиз Токио олимпиадасида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, юртимизга олтин медаллар билан қайтишади. Ҳурматли Президентимиз боксга жуда катта эътибор қаратмоқдалар. Вилоятларда ҳам бокс мактабларини очиш тўғрисидаги қарордан жуда ҳам мамнун бўлдик. Ёшларимизга яратиб берилаётган мана шундай шароитлардан кейин фарзандларимиз ортидан яна кўплаб Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқади, деган умиддаман. Шундай фарзандларимиз борлигидан фахрланамиз!”, - деди у.
Шунингдек, тадбирда Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов, терма жамоамиз мураббийларидан Раҳматжон Рўзиохунов, Ўзбекистон спорт фахрийлари Кенгаши раиси Баҳодир Махситов ҳам сўзга чиқиб, БАА рингларида қўлга киритилган ғалабаларнинг қадри, айниқса, муҳтарам Президентимизнинг спортчиларга йўллаган табриги аҳамиятини алоҳида эътироф этишди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, боксчиларимиз 2021 йилги Осиё чемпионатида ўз сўзини айтишди. Осиё бокси тарихи зарварақларига ЎЗБЕКИСТОН номи мангу муҳрланди. Энди навбат Токио-2020 Олимпиадасига. Умид қиламизки, юртимиз чарм қўлқоп усталари кунчиқар юрт рингларида ҳам ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН номини улуғлашади!
“Ушбу қитъа чемпионати йигитларимиз учун жорий йил июль ойида бошланадиган ёзги Олимпия ўйинлари олдидан муҳим тайёргарлик босқичини ўтади. Нуфузли мусобақада муносиб иштирок этганлигимиз йигитларга, умуман жамоамизга катта руҳий қувват бўлди. Яна бир жиҳатни айтишим керак, Ўзбекистон терма жамоаси ҳали ҳеч бир расмий Осиё чемпионатида 18та медалга сазовор бўлмаган эди.
Ушбу муваффақиятларимиз замирида аввало муҳтарам Президентимизнинг спорт соҳасига бераётган улкан эътибори, қолаверса пандемия шароити бўлишига қарамасдан Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлиги ётибди. Мақсадимиз, Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш”, - деди эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги