Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
2021-06-03 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяга ташрифи давомида Корея Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Квон Док Чол билан учрашув ўтказди,
Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасидан маълум қилишларича, томонлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашиб, бу борадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон делегацияси саратонни даволашга ихтисослашган шифохоналарни қуриш бўйича Жанубий Корея тажрибаси ва технологияларини ўрганиш мақсадида ушбу мамлакатга келди. Тошкентда касаллик даражаси юқори бўлган саратон хасталикларини даволаш ва фаолият кўрсатишга ихтисослаштирилган шифохоналарни қуриш режалаштирилмоқда.
Музокаралар чоғида ихтисослашган саратон шифохоналарини бошқариш ва қуриш юзасидан фикр алмашилди.
Корея Республикаси соғлиқни сақлаш вазири 2021 йилда икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланганининг 10 йиллиги нишонланишини маълум қилди.
Жанубий Корея вакиллари махсус стратегик шериклик доирасида амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш, тиббий хизмат, фармацевтика ва электрон соғлиқни сақлаш каби турли соҳаларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон томонининг саратон шифохоналарини ташкил этишда Жанубий Корея экспертлари ва етакчи компанияларининг иштирокини таъминлаш ҳақидаги таклифига жавоб берар экан, Корея Республикаси соғлиқни сақлаш вазири мамлакат ҳукумати «ноу-хау»лардан фойдаланиш орқали Ўзбекистон халқининг саломатлигини яхшилашга ҳисса қўшиш имконига эга бўлишдан хурсанд эканини айтди. Вазир, шунингдек, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг йиғилишлари кун тартибини аниқлаб олиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди. Унинг фикрича, Covid-19 пандемияси даврида мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада кенгайтириш зарур.
Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи давом этмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги