Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳоратли педагогларга сертификатлар топширилди
2021-06-02 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Геология фанлари университети томонидан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига сертификатлар топширилди.
Геология фанлари университети ҳамда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 10 та умумтаълим мактаби ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Университет томонидан ҳамкорликдаги мактабларнинг ҳолати, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ҳамда бошқа таълим ва тарбия кўрсаткичлари ўрганилди. Тўпланган маълумот ва кўрсаткичлар асосида мактаб раҳбарларининг талаб ва тавсиялари инобатга олиниб, ҳар бир мактаб учун «Университет-мактаб» ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилди.
Ҳамкорлик доирасида мактабларда ўқитиш сифатини янада ошириш, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини яхшилаш ҳақида мактаб раҳбарларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди. Мазкур мактабларга мос кафедра бириктирилиб, университетда математика фани бўйича ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва уларга методик ёрдам кўрсатиш орқали малакасини ошириш муҳокама қилинди.
Университет профессор-ўқитувчилари томонидан ҳар ҳафтада 1 марта – душанба кунлари математика ўқитувчилари учун методик семинарлар ташкил этилди. Бу семинарларда ўқитувчиларга қийинчилик туғдирадиган мавзулар, масалан, тўпламлар назарияси, математик мантиқ элементлари, тенгламаларни ностандарт ечиш, PISA – таълимни халқаро баҳолаш тизими каби мавзулар қамраб олинди. Семинарларга фаол қатнашган ўқитувчиларга университет томонидан сертификатлар берилади.
– Мактаб ўқувчилари ўртасида математика фани бўйича фан олимпиадаларини ўтказиш ва ғолибларга «Университет стипендияси»ни жорий этиш, юқори синф ўқувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тайёрлайдиган махсус ўқув-тайёрлов курсларини ташкил этиш, беш ташаббус доирасида спорт мусобақалари ҳамда ижодий кечалар ташкил этиш юзасидан келишиб олинди. Бу борада ҳамкорликдаги мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун ҳар чоршанба кунлари дарсдан кейин математика фанидан тўгарак ташкил этилди, – дейди Геология фанлари университети матбуот хизмати раҳбари Расулжон Нафасов.
Бу каби ОТМлар ва мактаблар ўртасидаги ҳамкорлик мактаблар учун ғоят манфаатли бўлиб, умумтаълим тизимини мазмунан бойитади. Мактабдаги ўқув жараёни, тарбиявий ишларга университет профессор-ўқитувчиларининг жалб этилиши бир қатор муаммоларни ҳал қилишда аҳамиятлидир.
Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари барча мактабларга жалб этилса, зарур ўринларда ўриндошлик асосида ишлаши учун шарт-шароитлар яратилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда таълим муассасаларининг барчасида ўқитиш мазмунини оширишга эришилади.
Тадбир якунида ўқув-методик семинарларда фаол иштирок этган маҳоратли ўқитувчиларга сертификатлар, эсдалик совғалари топширилди.
Манба: ЎзА