Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мўйноққа мададкорлар Хоразмда
2021-06-02 | Экология
Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан йўлга отланган «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони иштирокчилари 1 июнь куни Хоразм вилоятига етиб келди.
Веломарафон иштирокчиларига вилоят чегарасида маҳаллий профессионал ва ҳаваскор велоспортчилар қўшилиб, Хивагача бирга етиб борди.
Уларни ёши йигирма беш асрга тенг кўҳна Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» мажмуасининг «Ота дарвоза»си олди майдонида Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси ҳамда Хива шаҳрининг кенг жамоатчилик вакиллари тантанали кутиб олди.
Ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур экологик хайрия веломарафонининг ўтказилишидан асосий мақсад, Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар ва фаол фуқароларнинг ихтиёрийлик асосида хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб этишдан иборат экани таъкидланди.
Бугун вилоят ҳокими Фарход Эрманов Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди мажмуасида ўтказилган тадбирда хайрия веломарафони учун 200 миллион сўмлик сертификатни тантанали равишда топширди ва веломарафон иштирокчиларига оқ йўл тилади. Мазкур веломарафон Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ундан тушган маблағлар Мўйноқ туманидаги «Алиовул» овулини обод қилиш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, иш ўринлари яратиш ва аҳолининг бошқа муаммоларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади,
– дейди Ўзбекистон Республикаси туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Умид Ражабов. – «Мўноққа мадад» веломарафони доирасида Хоразм воҳасида икки кун давомида турли спорт ва маданий тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда экологик марафон иштирокчилари фаол қатнашди.
Марафон эса велоспортни оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш билан бирга Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимликлардан иборат бутазорлар барпо этилиши, ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга хизмат қилади.
Манба: ЎзА