Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хотин-қизларнинг инновацион ғоялари, рационализаторлик фаолияти қўллаб-қувватланмоқда
2021-06-02 | Сиёсат
Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмалари, инновацион ғоялари, ихтирочилик, рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Инновацион ривожланиш вазирининг ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, 2019-2021 йиллар мобайнида вазирликка хотин-қизларнинг инновацион ишланмалари ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 13 тасини молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан 12 миллиард 141 миллион 786 сўм ажратилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2020 йилда эълон қилинган “Олима аёллар грантлари” амалий ва инновацион лойиҳалар танловига хотин-қизлар томонидан умумий қиймати 1,7 триллион сўм бўлган 111 илмий лойиҳа тақдим этилган. Дастлабки техник экспертиза натижаларига кўра, 40 лойиҳага ижобий хулоса берилган ҳамда умумий қиймати 10 миллиард 450 миллион сўмлик 9 лойиҳа молиялаштирилган.
Бундан ташқари, мажлисда Сенатнинг “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилиниб, мазкур стратегияни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ва мақсадли кўрсаткичлари тасдиқлангани ҳам таъкидланди.
Мазкур стратегияда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга кўра, мамлакатимизда 2030 йилда Фан доктори (DSc) илмий даражасига эга аёлларни 1 минг 400, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга хотин-қизларни 3 минг 700 нафарга етказиш вазифаси белгиланган.
Бунинг учун хотин-қизлар тадбиркорлиги, илмий ва ихтирочилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер статистикасини юритиш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Қолаверса, хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмалари, инновацион ғоялари, ихтирочилик, рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш зарур.
Манба: ЎзА