Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"E-qaror" электрон тизими – шаффофликка элтувчи йўл
2021-06-01 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги «Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
«E-qaror» электрон тизимида ишлашнинг моҳияти ва тартибини тушунтириш мақсадида Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилояти ҳокимлигида тегишли масъуллар иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.
– Мақсад, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини қабул қилиш фаолиятини очиқ ва ошкоралигини таъминлашдан иборат, –дейди вилоят Адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Бекзод Нишонов. – Шунингдек, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш орқали жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишдир.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими – «E-qaror» 2021 йилнинг январь-май ойларида Қашқадарё вилоятида апробация қилинди ва ҳуқуқий экспримент ўтказилди. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида «E-qaror» электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилиши белгиланган.
Тренинг давомида мутасаддиларга қарорларни «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилишни ташкил этишга кўмаклашиш чоралари кўрилди. «E-qaror» электрон тизимини ишга тушириш орқали ҳар бир қабул қилинаётган қарорнинг қонунийлигини қатъий назоратга олиш имкони яратилди. Ушбу жараёнда шаффофлик ва ошкоралик принциплари тўлиқ таъминланади. Ҳар бир қарор бевосита жамоатчилик назоратида бўлади. Қарорларни келишиш, уларни рўйхатга олиш, рақамлаш барчаси электрон амалга оширилиб, қоғоз сарфи камаяди.
Айни пайтда бу каби семинар-тренинглар вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликларида давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов
Манба: ЎзА