Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бухоролик азиз пиллакорлар ва барча меҳнаткашларга

2021-06-01 | Иқтисодиёт

Азиз пиллакорлар! Қадрли фермерлар!

Сиз, азизларни шу кунларда ўта машаққатли, шу билан бирга, шарафли меҳнатингиз эвазига қарийб 2 минг 400 тонна юксак пилла хирмони бунёд этиб, шартнома мажбуриятингизни адо этганингиз билан самимий табриклашдан, чин қалбимдан ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришдан бахтиёрман.

Пилла етиштиришнинг ўзи ҳар қайси пиллакор, фермер ва мутахассисдан нақадар мураккаб ва оғир меҳнатни, чуқур билим ва тажрибани, лўнда қилиб айтадиган бўлсак, кундалик фидойиликни талаб қилишини халқимиз яхши билади ва бу йилги мавсумда қўлга киритган зафарларингизни юксак баҳолайди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Шу маънода, бугунги юксак хирмонни бунёд этишда ўзини аямасдан, жонбозлик кўрсатиб, айтиш мумкинки, қаҳрамонона меҳнат қилган пиллакорларга ўз номимдан, барча бухороликлар номидан миннатдорлик изҳор этиб, уларга таҳсин ва тасаннолар билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз, деб ҳисоблайман. 

Азиз дўстлар!

Пиллачиликда ютуқлар омили албатта, соҳада озуқа базаси таъминотига чамбарчас боғланади. Шу боисдан вилоятда жорий йил баҳор мавсумида якка қатор тут кўчатларини ўтқазиш ва тутзорларни кенгайтиришга жиддий киришилди.

Амалга оширилган ишларга назар солсак, вилоят миқёсида бу йил эрта баҳорда 12 миллион 202 туп тут кўчатлари экилди.

Вилоятда пилла етиштиришда кенгайтирилаётган тутзор майдони бу йил 4 минг 302 гектарни ташкил этиб, ўтқазиладиган тут сони 15 миллион тупдан оширилади.

Пиллакорнинг пировард меҳнат натижаси рағбату манфаатдорликка боғлиқ экан, мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатга кўра, пилла етиштириш билан шуғулланувчилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар бўйича ягона ижтимоий тўловлардан озод қилинди. Уй шароитида пилла етиштирувчилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламайдиган бўлди. Пилла боқувчилар ва тизим касаначиларининг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи, деб ҳисобланмоқда. Бу янада яхши натижага ундайдиган манфаат, пилла етиштирувчининг мўл даромадига омил деганидир. 

Қолаверса, мавсум бошида рағбатлантириш ўрнида ҳар бир пиллакор оиласига берилган 400 минг сўмдан бўнак пули, бир қоп ун ва             8 литр ўсимлик ёғи, режадан ташқари қабул қилинган пилланинг ҳар килограмига тарози бошида 30 минг сўмдан мукофот пули берилгани умумий ютуққа эришишда муҳим восита бўлди.

Бу жараёнда вилоят Бандлик бош бошқармаси “Агропилла” ташкилоти билан ҳамжиҳатликда қишлоқ аҳолисини, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш учун 1 қутидан пилла тарқатиб бериш орқали даромадли қилиш чоралари кўрилгани ҳам ўз натижасини берди.

Мана шу қувончли айёмда ўз шартнома мажбуриятларини биринчилардан бўлиб адо этган Шофиркон, Бухоро, Пешкў, Олот, Қоракўл, Когон, Жондор, Ромитан, Ғиждувон тумани меҳнаткашлари вилоятимизнинг юксак “кумуш тола” хирмонига муносиб ҳисса қўшганини миннатдорлик билан таъкидлашни истардим.

Шунингдек, Шофиркон туманидаги Намоз Орипов, Моҳигул Яҳёева, Пешкў туманидаги Нозима Қулматова, Тожибегим Ражабова, Ромитан туманидаги Дилшода Жўраева, Дилрабо Равшанова, Олот туманида Шаҳзода Чориева, Мўътабар Сувонова, Ғиждувон туманидаги Дилдора Тешаева, Муқаддас Шомуродова, Вобкент туманидаги Дилрабо Орипова, Рўзигул Шукурова, Қоракўл туманидаги Хуршида Раҳимова, Насиба Чориқулова, Когон туманидаги Моҳигул Ҳамидова, Дилсора Баҳриева, Жондор туманидаги Маъмура Ғафурова, Бухоро туманидаги Гулсара Шамсиева, Муаттар Остонова сингари юқори кўрсаткичларга эришган звеноларга самимий ташаккур билдираман.

Шулар қаторида фидокорона меҳнат қилиб, катта ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган фермерларимиз, вилоятимизнинг улкан хирмонига муносиб ҳисса қўшган барча-барча инсонларни чин қалбдан табриклаш менга катта хурсандчилик бағишлайди.

Қадрли дўстлар!

Вилоятимизда қимматбаҳо саноат хом ашёси––пилланинг ҳар килограми таннархи йил сайин ўсиб, пиллакорлар хўжаликлари сони ортаётгани баробарида фуқаролар бандлиги ҳам ошиб бормоқда. Хусусан, жорий йилги мавсумда 3,5 минг нафар доимий, 80 мингдан ортиқ мавсумий ишчи жалб қилинди. Бунинг натижасида қабул масканларида саранжомланган пилла ҳосилини хом ашё эмас, балки қайта ишланган ҳолда чет давлатларга экспорт қилишга қарор қилинган. Жорий йилда қайта ишлашга йўналтирилаётган 2 минг 354 тонна “кумуш тола”нинг умумий маҳсулот экспорти қиймати 8,6 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда.

Шу ўринда, қайта ишланадиган хом ашё турларига тўхталсак, 169 тонна хом ипак ва 113 тонна ипак момиғини қайта ишлашдан 392 минг погонометр ҳажмдаги ипак мато, яна қирққа яқин гилам маҳсулоти тайёрланади ва хорижий буюртмачи ҳамкорларга етказилади.

Шунинг баробарида яқин ойларда вилоятда пиллачилик тармоғида ишга тушириладиган 4 та янги лойиҳага эътибор ва қизиқиш кучли. Чунончи, айни пайтда Бухоро, Олот, Қоракўл ва Ғиждувон туманларининг ҳар бирида 2 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳалар амалга оширилиши ва қайта ишлаш тизимини модернизациялаштириш ҳисобидан жойларда жами 19 минг кишини иш билан таъминлаш имконияти яратилади. Умуман, соҳада олиб борилаётган янгиланишлар туфайли вилоятда жорий йил август, сентябрь ойларида ҳам фермер хўжаликлари ва оилавий звенолар, касаначилар томонидан яна 4 минг 200 қути ипак қуртини парваришлаш, ишлаб чиқаришга қўшимча 170 тонна “кумуш тола” хом ашёсини етиштириш чора-тадбири кўрилмоқда. Бу хирмон ҳам вилоят иқтисодиётига муносиб ҳиссадир.

Бунинг ҳисобидан биз деҳқон ва фермерларимизнинг, қишлоқ аҳлининг даромадларини оширишга, кўзлаган эзгу марраларимизга етиш, эл-юртимизни янада обод ва фаровон бўлишига эришамиз.

Азиз пиллакорлар!

Мана шундай хурсандчилик кунларда барчангизни қўлга киритилган қишлоқ хўжалигини дастлабки катта меҳнат ғалабаси билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Ўйлайманки, пилла етиштиришдаги бу муваффаққият кейинги ютуқларимизга мустаҳкам асос бўлади. Хусусан, эрта-индин бошланиши кутилаётган ғалла ўрим-йиғимидан ҳам баракали ҳосил оламиз ва бу борадаги режани ҳам шараф билан уддалаймиз.

Эл-юртимиз, хонадонларимиздан файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин!

Яратганимизнинг ўзи барчамизга доимо мададкор бўлсин!

Ҳеч қачон кам бўлманг, ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг!

Ботир Зарипов
Бухоро вилояти ҳокими

Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Поделиться