Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси расман иш бошлади

2021-06-01 | Ёшлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси ходимлари, Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси, Инчон шаҳар мэрияси, Сеул глобал маркази вакиллари, шунингдек, Жанубий Кореядаги нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бири - «The Korea Post» нашрининг мухбирлари ҳамда мазкур мамлакатда таҳсил олаётган талаба ёшлар ва хорижлик меҳмонлар иштирок этди.

Анжуманда сўнгги пайтларда Ўзбекистонда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётгани, ёшларга билдирилаётган ишонч йилдан-йилга мустаҳкамланиб, уларнинг жамиятда фаол бўлиши, илм олиши ва юрт равнақи йўлида муносиб меҳнат қилиши учун барча имкониятлар яратилаётгани алоҳида қайд этилди.

Мамлакатимиз Президенти ўтган йил 25 декабрь куни ёшлар билан очиқ мулоқат қилгани, улар билан дилдан суҳбат қуриб, ёшларнинг мақсад ва режаларини тинглагани, бунинг мантиқий давоми сифатида давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил юртимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилингани таъкидланди.

Маълумки, юртимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, хорижда таълим олаётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшлар билан олиб борилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш борасида эътиборга молик амалий ишлар ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратишнинг мустаҳкам ҳуқуқий замини яратилгани ҳолда бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштирилмоқда.

Элчи Виталий Фен анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонасининг расман фаолият бошлагани билан қутлади. Ушбу ташкилотнинг Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган, таълим олаётган ва вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонлик ёшларни бирлаштирувчи куч бўлишига ишонч билдирди.

Инчон шаҳар мэри Пак Нам Чун ҳам тадбирда онлайн шаклда иштирок этиб, ушбу ваколатхона ўз фаолияти давомида икки мамлакат ёшлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ишида кўприк вазифасини ўташига умид билдирди.

Тантанали маросимда барча ўзбек ёшларини ўз атрофида бирлаштирган ташкилот биринчи маротаба Корея Республикасида расман рўйхатдан ўтиб, ўз фаолиятини бошлаётгани алоҳида қайд этилди.

- Хориждаги ёшларини бу даражада қўллаб-қувватлайдиган давлатлар сони кўп эмас, - деди Инчон шаҳар мэриясининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Чжан Жи Ҳак. - Ўзбекистон ана шундай мамлакат экани мени жуда қувонтирди. Ўйлайманки, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси ўз фаолияти давомида икки давлат ёшлари ўртасидаги ҳамкорликда ҳам ташаббускор бўлиб, мамлакатларимиз равнақи учун салмоқли ҳисса қўшади.

- Ўзбекистонда кўп бўлганман,- деди  Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Эдвард Ким. – Ҳар сафар мамлакатингизда ёшлар билан янгича ишлаш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинаётганига, уларда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандликни таъминлаш, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш каби масалалар қамраб олинганига гувоҳ бўламан.

Ёшлар ассоциациясининг нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида Жанубий Кореяда расман рўйхатдан ўтиши хорижда таълим олаётган ҳамда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонликлар билан ишлаш, жумладан, улар билан мунтазам равишда мулоқот олиб бориб, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дебочаси ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси расман рўйхатдан ўтказилишида Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси элчихонага яқиндан кўмак кўрсатди. Хусусан, мазкур ташкилот Инчон шаҳрида жойлашган бош офисидан Ёшлар ассоциацияси ваколатхонаси учун жой ҳам ажратди.

Иштирокчилар эътиборига Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида, шунингдек, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видео ва босма ахборот материаллари тақдим этилди. Шунингдек, мамлакатимиз элчисининг Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси бир гуруҳ фаолларига ташаккурномалари топширилди.

Тадбир Ўзбекистон ва Жанубий Корея ёшлари ҳамкорлигида тайёрланган маданий дастур намойиши билан якунланди.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться