Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Минскда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида АКТ соҳасидаги шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди
2021-06-01 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов кеча Минск шаҳрида «TIBO-2021» XXVII Халқаро ахборот-коммуникация технологиялари форумида иштирок этиш учун ташрифи доирасида Беларусь алоқа ва ахборотлаштириш вазири Константин Шулган билан учрашди
Учрашувда Ш.Содиқов Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида АКТ соҳасидаги шериклик муносабатлари узоқ тарихга эга эканини таъкидлаб, ҳозирги кунда рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорлик ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар асосида амалга оширилаётганини қайд этди.
Масалан, телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорлик доирасида «Ўзбектелеком» АК ва «Белтелеcом» Республика унитар корхонаси халқаро телефон ва телеграф алоқаларининг ўзаро хизматларини тақдим этмоқда. Шу билан бирга, авиа ва ер усти алоқа орқали почта алмашинуви ва почта пул ўтказмалари ҳам йўлга қўйилган.
T тадбиркорлик ва стартап ҳаракатини ривожлантиришда ҳамкорлик олиб бориш ва тажриба алмашиш устувор йўналишлардан биридир. 2017 йилдан бошлаб, Юқори технологиялар парки билан ҳамкорлик олиб бориш ва тажриба алмашиш йўлга қўйилди. Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини яратишда ва ривожлантиришда Беларусь давлати тажрибаси ўрганилди ва фойдаланилди.
IT соҳасини янада такомиллаштириш, рақобатбардош ва истиқболли дастурий маҳсулотларни яратиш, чет эл давлатлари учун АТ хизматлари аутсорсингини кенгайтириш ва АТ сифатини яхшилаш мақсадида 2019 йил 10 январь куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT Парк) ташкил этилди.
Электрон ҳукумат соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланиб, жорий йилда Ўзбекистон электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва Беларусь электрон хизматлар миллий маркази мутахассислари томонидан бир қатор онлайн-мулоқотлар ўтказилди.
Суҳбат давомида электрон ҳукумат соҳасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги