Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси бухоролик ёшлар билан учрашди
2021-06-01 | Ёшлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Ромитан туманидаги Хотира ва истироҳат боғида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, Ромитан тумани ҳокими Хуршид Тоиров, Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроев бухоролик ёшлар билан дилдан суҳбатлашди.
Самимий суҳбат жараёнида мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг негизи ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш орқали ёшларнинг бандлигини таъминлаш устувор йўналишларидан бири эканлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.
Буларнинг замирида ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш орқали ёшларнинг бандлигини таъминлаш устувор йўналишларидан бири эканлиги айтилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси ўзининг ёшлик даврлари ҳақида сўзлаб берди. Билим олиш, китоб ўқиш орқали яхши натижаларга эришиш мумкинлигини ҳаётий мисоллари орқали гапириб берди. Барча машаққатларнинг замирида меҳнат ётганлигини таъкидлади.
– Фурсатдан фойдаланиб, эпидемиянинг мураккаб шароитларида ҳам қатъият, сабр-тоқат, ўрганишга, янги билимларни ўзлаштиришга тайёрлигингиз учун сизларга миннаддорчилик билдирмоқчиман, – деди у. – Ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ўйланманки, бу борада ўтган йили туман ҳудудида барпо этилган янги саноат ишлаб чиқариш объекти, яъни “Газли” газни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши ҳудуд ёшларини иш билан таъминлашда ўз ҳиссасини қўшди.
Учрашувда ёшларга тизимдаги корхоналар эҳтиёжи учун юқори салоҳиятга эга, чет тилларини мукаммал биладиган ёшлар зарурлиги таъкидланди. “IELTS” сертификатига эга бўлган мактаб битирувчилари келгусида олий ўқув юртларида тўлов-шартнома асосида таълим олган тақдирда уларнинг контракт тўловлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тизим корхоналарида ишлаб бериш шарти билан қоплаб берилиши, олий ўқув юртини тугаллаганидан сўнг доимий иш ўрни билан таъминланиши маълум қилинди.
Учрашувда ёшлар томонидан олий ўқув юртларига қабул жараёнлари, нефть-газ корхоналарига ишга жойлашиш ва бошқа йўналишларда бир қанча таклиф ва мурожаатлар қилинди.
Ҳар бир мурожаатнинг ижроси алоҳида назоратга олиниши ва қонун доирасида таъминланиши ёшларга уқтирилди.
Учрашув кун тартибидаги масалалар юзасидан ёшлар билдирган фикр ва мулоҳазаларни инобатга олиб, Бухородаги “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналар ҳамда Ромитан туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда вакант иш ўринлари учун олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига билдирилган ҳолда шаффоф танлов эълон қилинишига қарор қилинди.
Учрашувда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарнинг мутасаддилари ҳам қатнашди.
Учрашув якунида илм-фан, санъат, спорт, маданият соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган, шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси томонидан совғалар берилди.
Учрашув доирасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида тадбирлар ташкил этилди. Тадбирларда маданият, адабиёт, санъатга қизиқувчан ёшлар ўз иқтидорларини намойиш этишди. Улар спортнинг кураш, шахмат-шашка каби йўналишлари бўйича ўзаро куч синашишди.
"Саломатлик учун беш минг қадам" шиори остида оммавий юриш марафони учрашув тадбирига уланиб кетди.
Манба: ЎзА