Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президентимиз эртага Сурхондарёга боради
2021-05-31 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун брифинг ўтказди.
Тадбир аввалида Шерзод Асадов давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтадаги фаолияти ҳақида қисқача ахборот берди. Жумладан, 24 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев бу йил мактабни тугатиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларимизга биринчи бор табрик йўллади.
28 май куни давлатимиз раҳбари мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлган Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
30 май куни Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтаётган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммити ишида иштирок этди.
Икки кунлик форум кун тартибидан иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, “яшил” тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, шунингдек, БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва Иқлим бўйича Париж битими қоидаларини бажариш масалалари ўрин олган.
Тадбирда дунёнинг етакчи мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари, юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда. Хусусан, саммитда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Европа Кенгаши Раиси Шарль Мишель ва Европа Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляйен, Германия Канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон, ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, АҚШ Президентининг иқлим масалалари бўйича махсус вакили Жон Керри, ХВФ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Яшил ўсиш глобал институти раиси Пан Ги Мун ва ИҲТТ бош котиби Анхель Гуррия қатнашмоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “яшил” тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.
Шерзод Асадов бу ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев қандай тадбирларда иштирок этиши ҳақида тўхталар экан, бугун Президент Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимотида иштирок этишини маълум қилди. Шунингдек, жума куни ер ҳисоби ва давлат кадастрлари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиши мўлжалланган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи режалаштирилган.
Шерзод Асадов брифингда Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашуви қачон бўлиб ўтиши ҳақида берилган саволга жавоб қайтарар экан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тузилган Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини офлайн шаклда, юзма-юз кўришиб ўтказиш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Манба: ЎзА