Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) бош директори: Ўзбекистон "яшил" иқтисодиётга ўтиш орқали мамлакат тараққиётига эришишни танлаганини алоҳида таъкидлаш жоиз
2021-05-31 | Иқтисодиёт
P4G саммити иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг видеомурожаатини катта эътибор билан кутиб олди, - дейди Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) бош директори Франк Рейсберман
- Давлат раҳбари ўз нутқида Глобал яшил ўсиш институти ташкил этилганининг 10 йиллик санасини алоҳида таъкидлагани ва шу муносабат билан қутлагани биз учун катта шарафдир, - деди у. - Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Глобал яшил ўсиш институтига аъзо бўлди. Институтимиз ҳукуматлараро муассаса ҳисобланади ва давлатларга яшил иқтисодиётга ўтишда ёрдам кўрсатади, уларнинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб қувватлайди.
Ўзбекистон "яшил" иқтисодиётга ўтиш орқали мамлакат тараққиётига эришишни танлаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Биз Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Орол денгизи ҳавзасининг экологик муаммоларини ҳал қилиш бўйича белгиланган устувор йўналишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистон раҳбариятининг кўмаги туфайли Глобал яшил ўсиш институтига аъзо бўлиш, унинг ҳуқуқий мақоми ва имтиёзлари тўғрисидаги шартномани имзолаш масалалари жуда тез ҳал қилинди. Яқинда Тошкентда институтимиз офиси очилади. Шунингдек, КОИКА томонидан молиялаштириладиган Оролбўйидаги биринчи қўшма лойиҳани амалга ошириш учун шартнома имзоланишини кутмоқдамиз. Биз мамлакатингизнинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги