Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Mangold Consulting” компанияси раиси Клаус Мангольд билан учрашув бўлиб ўтди
2021-05-31 | Иқтисодиёт
28 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида “Mangold Consulting” компанияси раиси ва “ЕИ – Ўзбекистон” Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Клаус Мангольд билан учрашди.
Учрашув кун тартиби билан Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигининг кенг кўламли масалалари қамраб олинди.
Томонлар Ўзбекистон ва ГФР ҳукумати, ишбилармонлар ва экспертлар доиралари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан Германия томони мамлакат вазирликлари, идоралари ва йирик компаниялари билан манзилли музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистон делегациясининг Берлинга ташрифини ташкил этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Германия компанияларининг энергетика, енгил саноат, электротехника ва фармацевтика саноати, автомобилсозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларга инвестициялар киритишга қизиқиши алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун Германиянинг янги компанияларини жалб этиш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида келишувга эришилди.
Шу нуқтаи назардан К.Мангольд хорижий инвесторлар учун мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистонда хусусийлаштириш дастурини сифатли амалга ошириш муҳимлигини қайд этди. У зарурият юзага келганда тегишли Германия компаниялари ва молия институтларини Ўзбекистон давлат активлари, йирик корхоналар ва тижорат банклари акцияларини хусусийлаштириш жараёнига жалб этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасини рақамлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда етакчи немис компанияларининг тажрибасини қўллаш истиқболлари кўриб чиқилди – Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан бу йўналишда биргаликда ишлаш учун бевосита ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.
Водород энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Германия томони маълумотларига кўра, Ўзбекистонда водородга асосланган янги технологияларни жорий этилиши электр энергияси ишлаб чиқариш, газ-кимё саноатини ривожлантириш, кимёвий моддалар ва ўғитлар ишлаб чиқариш ҳамда металлургияда фойдаланиш учун қўшимча ҳажмда табиий газни жамлаб қўйиш имконини беради.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида томонлар ковиддан кейинги даврда Ўзбекистон – Германия савдо айланмасини ошириш бўйича келгусида ҳамкорликда олиб бориладиган ишларни белгилаб олдилар. Бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими (“GSP+”) бенефициар мақомини олганлиги қўл келиши мумкинлиги қайд этилди. Шу муносабат билан томонлар маҳаллий экспортчиларнинг “GSP+” тизимидан фойдаланишда тўғри ёндашувини таъминлаш ва ўзбек ишлаб чиқарувчилари ўз маҳсулотларини Европа мамлакатлари бозорларига олиб чиқишларига қаратилган ўқув тадбирларини ўтказишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Германия томони “Оролбўйи минтақаси – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” концепциясини амалга оширишга беғараз ёрдам ва грантлар маблағларини жалб қилиш учун Оролбўйи минтақасидаги вазият ҳақида жаҳон ҳамжамиятининг хабардорлигини оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни фаоллаштириш ҳамда кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг янги йўналишлари устида иш олиб бориш юзасидан келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги