Жорий йилнинг 27 май куни Тошкентда "Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи" мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Жаҳон банки томонидан ташкил этилган тадбирнинг мақсади – ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини баҳолаш, ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар муҳокамаси.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва молия вазирликлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлари, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро валюта жамғармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТТД, шунингдек давлат корхоналари, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти вакилларидан таркиб топди.
Тадбир бошида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва Европа ва Марказий Осиё бўйича Жаҳон банкининг минтақавий витсе-президенти Анна Бёрде делегатсияларни қутлаб мурожаат қилдилар.
Форум дастурини Бош вазир ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров очиб берди.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг директори Акмалхон Ортиқов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов ва Жаҳон банкининг Хитой бўйича минтақавий директори Мартин Райзер 2021-2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш стратегияси ҳамда уларни хусусийлаштиришнинг трансформатсион таъсири бўйича асосий маърузаларни тақдим этдилар.
Молия вазири Тимур Ишметов ўз маърузасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида гапириб, қуйидагиларни таъкидлади:
- Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни бошқаришда бир қатор тизимли муаммолар аниқланди. Улар орасида – мувофиқлаштириш ҳамда соҳаларни ривожлантиришга ва иқтисодиётни диверсификатсиялашга нисбатан тизимли ёндашув етишмаслиги, ортиқча маъмурий тартибга солиш, соғлом рақобат муҳитининг мавжуд эмаслиги, ускуналарнинг юқори эскириши ва беқарор молиявий ҳолати сабабли суст ривожланиш, автоматлаштирилган тизимлар ва замонавий ахборот технологияларининг етарли даражада татбиқ этилмаганлиги. Буларнинг барчаси режалаштирилган ислоҳотларни самарали амалга оширишга ва мамлакатнинг жадал инноватсион ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Вазиятни яхшилаш учун бир қатор чоралар кўрилмоқда. Трансформатсия қилинадиган йирик давлат корхоналари белгилаб олинган. Иштирокчилар давлат корхоналарининг миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги роли, хорижий давлатларнинг ёндашувлари, муваффақият омиллари ва муаммоларни кўриб чиқишди. Муҳокамалар якунида ушбу йўналишдаги кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги