Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси 28-29 кунлари бўлиб ўтади

2021-05-26 | Сиёсат

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси ўтказилди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Сенат Ахборот хизмати маълумотига кўра, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисини 2021 йил 28 май куни чақириш тўғрисида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тадбирда, шунингдек, қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ, Тошкент вилоятида ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар кафолатлари таъминланиши ҳолатини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари томонидан ушбу масала ўрганилган.

Тошкент вилоятида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланиши, ердан мақсадли фойдаланиш юзасидан амалга оширилган салмоқли ишлар билан бир қаторда, ушбу йўналишда муайян камчиликларга ҳам йўл қўйилган.

Хусусан, вилоятда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар кафолатларининг таъминланиши ўрганилганда 9 минг 614 та ҳолатда 1618 га. ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган.

Шунингдек, вилоят ҳокими қарори билан тадбиркорлик субъектларига ер ажратиб беришда Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Оҳангарон, Паркент, Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманларида Ер кодекси талаблари бажарилмаган, берилган ер майдонларидан тадбиркорларнинг қандай фойдаланаётгани етарлича назоратга олинмаган.

Бундан ташқари, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишидан олдин етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмаган ва айрим шахсларга етказилган зарарлар бугунги кунгача ҳам тўла қопланмаган.

Сенат Кенгаши мажлисида ҳокимият ва мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ўрганиш натижалари бўйича тайёрланган маълумотномада келтирилган ҳолатлар бўйича ахбороти эшитилди ҳамда жиддий хато-камчиликларга йўл қўйган мансабдор шахслар масаласини кўриб чиқиш ва уларга тегишли чоралар кўриш тўғрисида вилоят ҳокимлиги ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Кенгаш мажлисида айрим бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағлари шакллантирилиши ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2018 — 2020 йилларда тест синовлари шаффоф ва адолатли ўтказилишини таъминлаш учун жамғарма ҳисобидан 93,3 млрд сўм сарфланган. Шунга қарамай 2019-2020 ўқув йили қабули тест синовларида иштирок этиш учун ариза берган абитуриентлардан 896,4 млн. сўм ортиқча тўлов ундирилган, 30 млрд. сўм маблағ тижорат банклари депозитларига электрон саралаш тизимисиз тўғридан-тўғри тузилган келишув асосида жойлаштирилган.

Шунингдек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилмасдан 11,2 млрд.  сўмлик харидлар амалга оширилган.

Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан 26 та туман (шаҳар) аҳоли бандлиги марказларига ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг 2020 йил учун харажатлар сметасига нисбатан жами 259,5 млн сўм маблағ ортиқча сарфланган.

Бандлик марказлари томонидан амалда ишсиз деб эътироф этилмаган ва ҳақиқатда иш билан банд бўлган фуқароларга 93 млн. сўм жамғарма маблағи ноқонуний берилган. Охирги 2 йилда жамғарманинг 10 млрд. сўмдан ортиқ маблағи ноқонуний сарфланган.

Мажлисда Сирдарё вилоятидаги “Сардоба сув омбори” тўғонида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, техноген ҳолатдан зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолисига тезкорлик билан зарур ёрдам кўрсатилган эди.

Шунингдек, Сенат аъзолари жойларга чиқиб тадбиркорлик субъектлари, фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида мавжуд ҳолатни ўрганиб чиққан эди. Бу масала Олий Мажлис Сенати томонидан доимий назоратга олинган.

Жорий йил апрелида Сирдарё вилоятида сув тошқини талофатларини бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар доирасида Ҳукумат комиссияси томонидан балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик йўналишларига ихтисослашган тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини қоплаш ҳамда ирригация ва мелиорация тармоқларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун зарур бўладиган маблағ миқдори (126 млрд. сўм) ҳисоблаб чиқилган.

Сенат Кенгаши талаб этиладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан босқичма-босқич ажратиш таклифини маъқуллади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисини 2021 йил 28 май куни чақириш тўғрисида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Видеоконференцалоқа шаклида икки кун (28 – 29 май кунлари) давомида бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Шу жумладан, “Транспорт тўғрисида”ги, “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тўғрисидаги масала кўрилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йил биринчи чораги якуни бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни эшитилади.

Ялпи мажлисда таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳамда коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига  парламент сўровлари юбориш, шунингдек, бошқа масалалар кўриб чиқилиши ҳам режалаштирилган.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться