Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Латвиянинг ISMA университети Фарғонада халқаро мактаб ташкил этишни режалаштирмоқда
2021-05-26 | Жамият
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби –ISMA университети президенти Роман Дякон ва халқаро олийгоҳнинг Фарғона шаҳридаги филиали раҳбари Сандра Плота билан учрашди.
Мамлакатимизда олий таълим ривожига қаратилаётган юксак эътибор туфайли сўнгги йилларда ҳудудларда, хусусан, Фарғона вилоятида дунёнинг энг ривожланган давлатлари олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилаяпти. Бу эса соҳада миллий ва хорижий тажрибани таққослаш имконини бериш баробарида салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилаяпти.
Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби Фарғона филиали – вилоятда ташкил этилган илк халқаро олий таълим муассасасидир. Республиканинг туризм тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал қилишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, халқаро тадбиркорлик асосларини ўргатиш филиал фаолиятининг асосий йўналишидир. Ҳозирда филиалда 175 нафар Ўзбекистонинг турли ҳудудларидан келган талаба ёшлар ахборот технологиялари, туризмда бошқарув ва тадбиркорликни бошқариш йўналишлари бўйича таҳсил олади.
Мулоқот Фарғонанинг туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қиладиган мутахассислар тайёрлашнинг эртанги истиқболи, ҳудудда меҳмонхона ва ресторан хўжалиги кадрларини тайёрлаш масалалари ҳақида борди. Шунингдек, филиал талабалари учун замонавий кутубхона, ётоқхона барпо этиш, халқаро стипендия дастурларини жорий этиш, ўқувчилар учун инглиз тилини мукаммал ўргатишга ихтисослашган халқаро мактаб ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
– Университетимиз Латвиянинг хорижий мамлакатларда ўз филиалини очган биринчи олийгоҳи ҳисобланади, – дейди профессор Роман Дякон. – Фарғона шаҳридаги филиалимиз уч йилдан буён самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўтган йили филиалда 10 та давлат гранти учун ўрин ажратилган эди, янги ўқув йилидан бошлаб 10 нафар фарғоналик ёш вилоят ҳокимлиги танлови асосида олигоҳимизда бепул таҳсил олиши мумкин. Шунингдек, талабалар олий таълимнинг бир қисмини Латвияда давом эттириш имкониятига эга.
Вилоят ҳокими меҳмонларнинг ISMA университети фаолиятини янада кенгайтириш орқали Фарғонада халқаро олий таълим истиқболига ҳисса қўшишга қаратилган таклиф ва мулоҳазалари доимо қўллаб-қувватланиши, бу борадаги кўмак ва ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканлигини билдирди.
Манба: ЎзА