Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МОХИ платформасида Марказий Осиёда сув масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
2021-05-26 | Экология
Кеча «Марказий Осиёда сув масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Марказий Осиё халқаро институти ва ЮНEСКОнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуманда БМТ Бош Котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Ҳусниддин Шарофиддинов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори идораси раҳбари ўринбосари Ханс-Ульрих Им, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, Марказий Осиё давлатларининг тегишли вазирликлари, идоралари ва таҳлилий тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида Марказий Осиёда сув ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги ўзаро минтақавий мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Конференцияда иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш бўйича қабул қилинган махсус резолюциясига алоҳида эътибор қаратилди.
Марказий Осиё халқаро институти директори Aнвар Носиров сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро яхши қўшничилик, стратегик шериклик ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганлигини, бунинг натижасида давлатлараро ҳамкорлик соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини таъкидлади.
- Кўплаб ижобий минтақавий тенденциялар қаторида, БМТ Бош ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш бўйича резолюциянинг қабул қилингани жаҳон ҳамжамияти томонидан Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва минтақадаги экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирларнинг амалдаги тасдиғидир, - деди A.Носиров. - Шуниси аҳамиятлики, Оролбўйи минтақаси БМТ Бош Aссамблеяси томонидан мазкур мақомга эга илк минтақа саналади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган мазкур резолюциянинг ҳаммуаллифлари сифатида қарийб 50 дан ортиқ давлат иштирок этди.
Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг ушбу кунни «Халқаро экологик тизимларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш куни” деб эълон қилиш бўйича яна бир ташаббусини қўллаб-қувватлашга ишонамиз.
ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ян Хладик анжуман иштирокчиларини БМТ Бош Ассамблеясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиниши муносабати билан табриклади.
Унинг фикрига кўра, мазкур ҳужжат минтақавий ҳамкорлик, интеграция ва барқарор ривожланишнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ва махсус идоралар лойиҳалари, БМТ тизимидаги сармоялар ва дастурларнинг изчиллигини таъминлашга имкон яратади.
Анжуманда сўзга чиққан БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказининг раҳбари Наталья Герман ҳам йиғилганларни мазкур резолюция маъқуллангани билан табриклади.
Орол денгизи муаммосини ҳал этишда янги замонавий усул ва ёндашувларни аниқлаш ва амалга ошириш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари, иқлим ўзгаришига доир муаммолар ҳам БМТнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда, Марказий Осиёда ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида, 2022-2025 йилларда минтақада сув соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ўз ичига олган янги лойиҳа тайёрланмоқда.
Шу муносабат билан, Н.Герман мазкур конференция ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади ва ўзаро мулоқот самарасида ҳар қандай муаммолар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни ечими бўйича умумий тушунчага эришиш мумкинлигини қайд этди.
Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Ҳусниддин Шарофиддиновнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасида сув-энергетика соҳасидаги мавжуд муаммоларни мувофиқлаштирилган тарзда ҳал этишга интилиш кузатилмоқда. Шубҳасиз, бу сув хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий ўсиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва барқарор ривожланишга эришиш йўлида мавжуд сув-энергетика ресурсларини янада самарали бошқаришга ёрдам беради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер БМТ Бош ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақаси бўйича резолюция қабул қилинишини юқори баҳолади.
«Орол денгизи инқирози - бу ҳақиқатан ҳам бўлиши мумкин бўлмаган, аммо юзага келган реал воқелик. Бироқ, биз ўзаро ҳамкорлик ва мавжуд салоҳиятларимиздан келиб чиқиб инқирозга ижобий ечим излаб топишимиз лозим, - деди у. - Шу нуқтаи назардан, ҳамкорлар долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш ва мувофиқлашган ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган тадбирларни ўтказиши жуда муҳимдир”.
Шунингдек, Ҳ.Фрейзер БМТнинг Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш ва трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солишга қаратилган ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори идораси раҳбарининг ўринбосари Ханс-Ульрих Им ушбу анжуман ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.
Анжуман якунларига кўра, конференция иштирокчилари томонидан сувдан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши ва унинг Марказий Осиёга салбий таъсирига доир долзарб масалалари муҳокамаси бўйича мулоқот майдони яратгани олқишланди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги