Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ташқи ишлар вазири Польшанинг янги тайинланган элчисидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди
2021-05-25 | Сиёсат
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Польша элчиси этиб тайинланган Радослав Грукни қабул қилди
ТИВ маълумотига кўра, вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, элчини масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унинг профессионал тажрибаси ва билими Ўзбекистон-Польша кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Мулоқот чоғида очиқ ва конструктив ўзаро сиёсий мулоқотни давом эттиришнинг муҳимлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан турли даражаларда бўлиб ўтадиган қўшма тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Томонларнинг савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро товар айланмаси ҳажмларини ошириш, ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга қаратаётган эътиборининг устуворлиги эътироф этилди.
Польшанинг янги тайинланган элчиси 50 ёшда. Ўзбекистонга тайинланганига қадар у ТИВ департаменти директори ўринбосари лавозимида ишлаган. Ундан аввал Польша ва хорижий давлатлардаги ваколатхоналарда масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.
Радослав Грук 2015-2020 йилларда Польшанинг мамлакатимиздаги элчиси бўлиб ишлаган Петр Ивашкевич ўрнини эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 29 октябрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимиздаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Польша элчиси Пётр Ивашкевични қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон – Польша кўп қиррали муносабатларининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги