Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳрининг Россия Федерациясидаги компаниялар билан ҳамкорлиги муҳокама қилинди
2021-05-25 | Иқтисодиёт
24 май куни, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Евроснаб» ва МП «Ваи Томал» компанияларининг асосчиси Александр Багиев бошчилигидаги Россия Федерациясининг бизнес-делегацияси билан учрашди.
Ўзбек тарафидан, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси раҳбарлари иштирок этдилар.
Учрашув бошида Жаҳонгир Ортиқхўжаев меҳмонларни пойтахт ҳокимлигида кўриб турганидан мамнунлигини билдириб, уларнинг ташрифи йилнинг қулай мавсумига тўғри келганини таъкидлади. Бундан сўнг у пойтахтимизнинг ЯИМ, экспорт, инвестициялар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида сўнгги йиллардаги кўрсаткичлари билан қисқача таништириб, пойтахтимизда, умуман, мамлакатда инвестицион муҳит йилдан йилга яхшиланиб келаётганини таъкидлади.
Россия бизнес-делегациясининг раҳбари Александр Багиев илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, Тошкент йилдан йилга ривожланиб, чирой очиб бораётганини ҳамда унинг ўзида ва делегациянинг бошқа аъзоларида пойтахтимизнинг Олмазор туманида қурилган Ғалаба Боғи катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Бундан сўнг у озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун технологиялар етказиб берувчи «Евроснаб» компанияси ҳақида маълумот бериб, у 2002 йилда ташкил этилганлигини, ҳозирда саккизта мамлакатда ўз филиалларига ва 500 дан ортиқ ходимларга эгалигини айтиб ўтди.
Бундан сўнг Россия делегациясининг ҳар бир вакили ўз компаниялари ҳақида қисқача маълумот бериб, уларнинг фаолият доирасида ҳамкорликни таклиф қилди. Хусусан, телекоммуникация, таълим ва тиббиёт стартапларини ташкил қилиш, реклама, туризм, озиқ-овқат бозорини тадқиқ қилиш, ўзбек мева ва сабзавотларини етиштириш ва Европа мамлакатларига экспорт қилиш, шаҳарлар ва мамлакатлар брендини жаҳон бозорида тарғиб қилиш, электрон компонентларни етказиб бериш, рақамли технологияларни ишлаб чиқиш, рангли ва қимматбаҳо металларни қайта ишлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик учун ечимларни жалб қилиш ҳамда банкларда, савдо нуқтларида, метрополитенда ва бошқа жойларда ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш учун ечимларни ишлаб чиқиш борасида таклифлар билдирилди.
Шаҳар ва умуман мамлакат бўйлаб инфратузилманинг ёнғин хавфсизлиги тизимини стандартлаштириш соҳасида ишларни ташкил қилиш ва шаҳарда рекламани жойлаштириш учун код-дизайн ишлаб чиқишга доир таклифлар ўзбек тарафида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Учрашув якунида тарафлар мулоқотни давом эттириб, келгуси ҳамкорлик учун тақдимотлар, йўл хариталари ва лойиҳалар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги