Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термизда ўзбек-афғон ишбилармонлари бизнес форуми бўлиб ўтмоқда
2021-05-25 | Иқтисодиёт
Термиз шаҳрида Ўзбекистон – Афғонистон ишбилармонлари бизнес форуми, Ҳудудлар ва тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтмоқда.
Бизнес форум доирасида муҳташам Санъат саройининг сўлим боғида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш моллари, электротехника, фармацевтика, чарм, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик ва бошқа кўплаб турдаги тайёр маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари намойиш этилаётир.
Бугун куннинг биринчи ярмида бизнес форумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда давлатларимиз вакилларининг ўзаро ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, Ўзбекистонда афғон сармоядорлари учун яратилаётган қулай шароитлар хусусида фикр алмашилади. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари”, “Ўзтўқимачиликсаноати”, “Ўзчармсаноат”, “Ўзэлтехсаноат” уюшмалари ва бошқа тармоқларда ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотлар тақдимотлари ўтказилади.
Ўзбек ва афғон ишбилармонлари бизнес-форумнинг ўзаро муносабатларимизда кенг кўламли ва самарали шериклик ҳамда кооперация алоқаларимизни янги босқичда кенгайтиришига алоҳида эътибор қаратмоқда.
¬Қадимдан аждодларимиз бир дарёнинг икки қирғоғида яқин қўшни, ўзаро дўст, ишончли сирдош бўлиб яшаб келган,¬ дейди Мозори Шариф шаҳридаги “Afghan darman LTD” компанияси директори Бозмуҳаммад Пайкон.¬ Кейинги йилларда ўтмишдаги аждодларимизнинг ана шу фазилатлари янги қиёфада бўй кўрсатаётганидан хурсандмиз. Ўзбекистоннинг Афғон диёрида тинчликни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида олиб бораётган сайъ-ҳаракатларини жуда қадрлаймиз. Уч йилдан буён халқимизга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган сифатли, арзон ва самарадор дори-дармонларни етказиб бераяпмиз. Бу тадбирга ана шу алоқаларимизни кенгайтириб, бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлик ўрнатишни мақсад қилиб келганмиз. Шу мақсадда ўзбек шерикларимиз билан янги йўналишдаги шартномалар тузишни режалаштираяпмиз.
Тадбир доирасида икки мамлакат тадбиркорларининг В2В, G2B шаклидаги учрашувларини ўтказиш, ишбилармонларнинг икки томонлама кўплаб манфаатли шартномалар имзолаши кўзда тутилмоқда.
Манба: ЎзА