Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Биотехнологиялар соҳасида учта стартап лойиҳа молиялаштирилади
2021-05-24 | Иқтисодиёт
Давлатимиз раҳбарининг «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида биотехнологиялар соҳасидаги стартапларни молиялаштириш назарда тутилган.
Қарор ижроси бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигида Стартап лойиҳаларни ўрганиш бўйича Илмий-техник кенгаш томонидан молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳалар кўриб чиқилди.
Вазирлик мутахассислари ва Кенгаш аъзолари томонидан стартап лойиҳалар танловига келган лойиҳаларнинг маҳсулотга қаратилгани ўрганилди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар эътиборга олиниб, лойиҳалардан 3 таси молиялаштиришга тавсия этилди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 2 485,8 миллион сўмни ташкил этади.
Йиғилишда вазирлик ҳайъати мазкур лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қарор чиқарди. Улардан бири 485,8 миллион сўм қийматидаги “Фарғона водийси шароитида ток, мевали дарахтлар ва сабзавот ўсимликларининг йирик генетик ресурсларини тирик ҳолда сақлаш, иқлимлаштириш ҳамда биотехнология асосида етиштириш ва кўпайтиришнинг интенсив агротехнологияларини яратиш” лойиҳасидир. Ушбу лойиҳа доирасида 400 дан ортиқ мева-сабзавот ва узум навларининг истиқболли навларини яратиш ва иқлимлаштириш кўзда тутилган.
500 миллион сўм қийматидаги “Қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун пастереллёз, сальмонеллёз ва колибактериозга қарши вакциналар” стартап лойиҳаси вакциналарни биореакторда саноат ҳажмида чиқариш имконини беради. Талабга қараб бир йилда 100 литргача вакцина ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
1500 миллион сўмлик “Сорго ва сориз (гуруч ва маржумакнинг ўриндоши) маҳсулотларини етиштиришнинг интенсив технологияси” стартап лойиҳаси дунёда кенг тарқалган. Лекин юртимизда мавжуд бўлмаган бошоқли экинларни етиштиришга қаратилган. Бу ўсимликларни тупроқ унумдорлиги паст майдонларда ҳам экиш мумкин, кўп сув талаб қилмаслиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Донидан аҳоли учун озиқ-овқат сифатида фойдаланилса, пояси, барглари чорвачилик моллари учун ем сифатида ишлатилади.
Молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши қишлоқ хўжалиги соҳасида учраётган муаммоларга барҳам бериб, иқтисодий барқарорликка эришишга хизмат қилади.
Манба: ЎзА