Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Польша вакиллари ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилади

2021-05-24 | Сиёсат

Ўзбекистоннинг ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича мутахассисларидан иборат делегация 17-23 май кунлари Польшада амалий сафар билан бўлди

Амалий сафар Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси томонидан Польша чегара хизмати Бош комендантлиги билан биргаликда Европа Иттифоқининг «Аъзо давлатлар ва учинчи давлатлар билан идентификация ва қайтиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш» EURLO лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Сафардан кўзланган мақсад икки мамлакатнинг ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасидаги хизматлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини аниқлашдан иборат бўлди. 

Польша чегара хизмати Бешад отряди коменданти, генерал Роберт Рогоз билан учрашув, шунингдек, чегара хизматлари бўлинмаларининг давлат чегарасини ҳимоя қилиш соҳасидаги инфратузилмаси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш вазифалари билан танишиш мақсадида Медика, Корчава, Хувники, Гурне ва Жешув-Ясенка махсус чегара бўлимларига ташрифлар ташкил этилди.  

Учрашувларда ноқонуний миграцияга қарши курашда чегара ва миграция хизматлари салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Польша томони ноқонуний миграцияга қарши кураш, шунингдек, ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва ўз мамлакатига қайтариш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Пшемисл шаҳридаги хорижликлар вақтинча сақлаш марказида бўлди. Марказ инфратузилмаси ва вазифалари, хизматни ташкил этиш, шунингдек, чет эл фуқаролари масалаларда ваколатли чегара хизмати ва давлат органлари ҳамда бошқа идоралар билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари билан танишилди. Польша ва Европада миграция билан боғлиқ вазият, шунингдек, чет элликларни аниқлаш учун ишлатиладиган инновацион усуллар ва воситалар муҳокама қилинди.

«Польша ва Ўзбекистон чегара хизматлари ўртасида ҳамда FRONTEX ва EURLO билан фаол ва самарали ишлар давом этмоқда, - деди генерал Роберт Рогоз. - Ўзбекистонда қисқа вақт ичида чегара хизматлари ва бўлинмалар тузилмаси тўлиқ янгиланди. Мамлакат чегара қўшинлари ва чегара тузилмалари халқаро тажриба тўплаб, қўшни ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Ҳафта давомида мамлакатларимизнинг ноқонуний миграцияга қарши кураш соҳасидаги хизматлари вакиллари ноқонуний миграцияга қарши кураш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқди».

Эътиборли жиҳати, ушбу ташриф 1991 йил 16 майда ташкил этилган Польша чегара хизматининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегацияси вакиллари польшалик ҳамкасбларини ушбу муҳим сана билан самимий қутлади.

Ўзбекистон делегациясининг Польшага ташрифи самарали бўлди. Унинг якунлари бўйича ноқонуний миграцияга қарши курашда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки мамлакат ваколатли органлари вакилларининг турли даражадаги учрашувларини мунтазам давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться