Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Украинага борди
2021-05-24 | Соғлиқни сақлаш
Вазир Мурод Қурбонов бошчилигидаги Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси амалий сафар билан Украинага борди.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган сафар давомида Қорақалпооғистон делегацияся ушбу мамлакатнинг энг яхши амалиётларини ва Оролбўйидаги саломатлик ҳолатини яхшилаш учун улардан фойдаланиш имкониятларини ўрганиб чиқди. Шунингдек, Украина соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшко ва мамлакатнинг асосий тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашувда Украинанинг Ўзбекистон билан кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш истаги алоҳида таъкидланди. Амалий тиббиёт, кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот фаолияти, шунингдек, тиббий туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича икки томонлама маслаҳатлашувларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Делегация аъзолари амалий сафар давомида «Етакчи кўп тармоқли соғлиқни сақлаш муассасаларида педиатрия хизматларини ташкил этишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги, 1-Украина тиббиёт конгрессида иштирок этди. Унда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Иштирокчилар 18 май куни бўлиб ўтган видеоконференция давомида соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан белгилаб берилган кейинги ўзгаришларнинг устувор йўналишлари билан таништирилди.
Конгресс доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Украина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Охматдит» Миллий болалар ихтисослаштирилган шифохоналари ўртасида «Тиббиёт амалиёти, таълим ва фан соҳасида илмий ҳамкорлик тўғрисида» меморандум имзоланди.
Мамлакатнинг етакчи клиникаларига ташрифлар давомида кардиология, неонатология, онкология, трансплантология ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги П. Шупик номидаги Миллий университетида ўтказилган учрашув давомида, тиббиёт муассасалари учун кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидлаш керакки, Қорақалпоғистон тиббиёт институти мазкур университет билан илгари имзоланган Меморандум асосида ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Университет ректори Юрий Вороненко билан суҳбат чоғида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон ва Украина ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилиб, бу борадаги ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги тасдиқланди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги