Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватаннинг содиқ посбонлари хизматга шай
2021-05-24 | Хавфсизлик соҳаси
Ички ишлар вазирлиги академиясида Сиртқи таълим факультети тингловчиларининг битирув тадбири бўлиб ўтди.
Бундан уч йил муқаддам давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ички ишлар вазирлиги академиясида Сиртқи таълим факультети ташкил этилган эди. Мазкур қарор асосида сиртқи таълим йўналишига ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга, хизматда ижобий натижаларга эришиб келаётган олий ҳамда ўрта махсус маълумотли ходимларни тўрт ва уч йиллик таълим дастурлари асосида ўқитиш белгиланди.
Айтиш жоизки, 2018/19 ўқув йилида факультетга олий маълумотга эга 101 нафар номзод қабул қилинди. Таълим жараёнида тингловчилар соҳага оид назарий билим ва амалий кўникмаларни эгаллаб, жанговар қобилиятлари ҳамда касбий фазилатларини юксалтириб бордилар. Машғулотлар малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг катта амалий тажрибага эга мутахассислари томонидан илғор педагогик ёндашувлар асосида амалга оширилди. Интерфаол усуллар, айниқса масофавий ўқитиш тизимларининг самарали татбиқ этилгани таълим самарадорлигини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш имконини берди.
Тадбирда битирувчиларга “Жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш фаолияти” мутахассислиги бўйича “юрист” малакасини берувчи дипломлар тантанали равишда топширилди.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деди:
– Бугунги мураккаб давр ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, ислоҳотларга мос қадам ташлашни талаб қилмоқда. Мамлакатимиз ички ишлар органларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар соҳани халқчил тузилмага айлантиришда муҳим пойдевор бўлмоқда. Битирувчиларимиз зиммаларидаги масъулиятни чуқур англанган ҳолда ўз билим ва кўникмаларини ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга сафарбар этишлари лозим.
Тадбирда битирувчилар номидан сўзга чиққанлар она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиш юксак шарафли бурч эканлиги, Академияда олган назарий билим ва кўникмалари келгусидаги фаолиятни самарали ташкил этишда муносиб пойдевор бўлишини эътироф этдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги