Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳудудларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
2021-05-21 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 20 май куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтисодий ўсишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларни муҳокама қилиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Учрашув давомида келгусида биргаликда иш олиб бориш учун аниқ йўналишлар белгилаб олинди. Ана шундай йўналишлардан бири ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш ва ҳудудларда янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ҳисобланади. Жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларини танқидий кўриб чиқиш топширилди. Бунда саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, импорт ўрнини босиш ва янги иш ўринлари яратишни назарда тутган ҳолда лойиҳалар жорий этилишининг иқтисодий самарасини аниқ ҳисоб-китоб қилиш лозим бўлади. Мутасадди раҳбарларга лойиҳалар боришини ўрганиш, уларни ўз вақтида ишга туширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Мавжуд ресурс базаси, тадбиркорлик субъектларининг ўзаро кооперация муносабатларини ва маҳаллий бозордаги талабни ҳисобга олган ҳолда янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, яратилаётган эркин иқтисодий, кичик саноат ва ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари салоҳиятига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Шунингдек, йирик ва ўрта саноат объектларининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини аниқлаш ҳамда ушбу корхоналар қувватларидан тўлиқ фойдаланиш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш мақсадида сўнгги бир неча йил ичида уларнинг саноат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари динамикасидаги тенденцияларни ўрганиш топширилди. Шу тариқа қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларидаги корхоналар таҳлили амалга оширилади.
Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди – мамлакатимиз ёшларини, хусусан, унинг чекка ҳудуд ва шаҳарлардаги вакилларини амалга оширилаётган ташаббус тўғрисида хабардор қилиш, яратилаётган зоналар фаолиятини тезкорлик билан ташкил этиш, шунингдек, ёшлар тадбиркорлигини рағбатлантириш учун ажратилган молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш вазифалари белгиланди.
Ишлаб чиқариш майдонлари ва саноат иншоотлари, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳа объектларининг самарали фаолият кўрсатишининг асосий омили ҳисобланган муҳандислик инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Масъул раҳбарлар томонидан маҳаллий аҳоли ва ишбилармонларнинг муҳандислик коммуникацияларига бўлган эҳтиёжини аниқлашга доир ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, тегишли инфратузилмани қуриш ва модернизация қилиш учун қўшимча маблағ манбаларини жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Йиғилишда, шунингдек, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш, импортни оптималлаштириш, маҳаллий фуқаролар йиғинлари билан бевосита ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали аҳоли билан ишлашни ташкил этиш ҳамда (“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”даги) рўйхатларга киритилган шахсларни иш билан таъминлаш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш каби жами 9 та асосий йўналиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга муҳокама этилган йўналишларнинг ҳар бири бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар, ижрочилар ва муддатларни, шунингдек, йилнинг биринчи ярмида, 9 ой ва йил охирига қадар эришиладиган иқтисодий ўсиш бўйича кутилаётган натижалар ва мақсадли кўрсаткичларни келтирган ҳолда “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги