Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этди
2021-05-21 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни видеоанжуман шаклида ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини ушбу ташкилотнинг ўтган йил 11 декабрдаги саммитида олган эди.
Ўтган даврда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва уни амалга ошириш бўйича уч йиллик Чора-тадбирлар режаси имзоланди. Мамлакатимиз вакиллари ЕОИИнинг кўп томонлама тадбирларида иштирок этмоқда. Жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бирлашманинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши йиғилиши ва халқаро “Иннопром” кўргазмаси ўтказилди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган Олий кенгашнинг навбатдаги йиғилишида кенгаш Фахрий Раиси, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Арманистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчиси Никол Пашинян, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат - Куба Президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати Раиси Михаил Мясникович ҳам иштирок этди.
Тадбир кун тартибидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорлик қилиш ҳамда ЕОИИ фаолиятини такомиллаштиришга доир долзарб масалалар ўрин олди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳал этилиши ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни талаб этувчи энг муҳим вазифаларга алоҳида тўхталди.
Хусусан, қуйидагилар алоҳида қайд этилди:
- савдо муносабатларини, шу жумладан тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш чораларини яқинлаштириш орқали янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжуд;
- мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ва ҳудудларнинг саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, Евроосиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эга;
- транспорт-транзит соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида ўзаро имтиёзларни кенгайтириш лозим.
Эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашуви ва аҳолини эмлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ҳисобга олиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги мунтазам ҳаво ва темир йўл қатновини қайта тиклаш таклиф этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЕОИИ солиқ ва божхона маъмуриятчилиги, саноат, меҳнат миграцияси ва туризм бўйича рақамли платформаларига уланиш имконияти кўриб чиқилмоқда, шунингдек, бошқа қатор устувор йўналишлар борасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сўзининг якунида мамлакатимизнинг кузатувчи давлат сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигида аниқ ва сезиларли натижаларга эришиш муҳим эканини яна бир бор таъкидлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти