Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вилоят прокурори Наманган тумани ёшлари билан учрашди ва уларнинг муаммоларига ечим изланди
2021-05-20 | Ёшлар
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Ўзбекистон ёшларининг биринчи форумидаги нутқи, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда 2021 йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида эртамиз эгаларининг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, моддий ёрдамга эҳтиёжманд ўғил-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ишсиз ёш қатламнинг бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди.
Бу борада Наманган вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилиш, хусусан прокуратура органлари масъул бўлган ҳудудлардаги иккинчи секторлар томонидан амалий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси, вилоят иккинчи сектор раҳбари Жаҳонгир Ҳотамовнинг Наманган туманида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли, шу жумладан ёшлар ва тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида ҳам ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун қулай турмуш шароитларини яратиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қабул давомида ишга жойлаштириш, кредит ажратиш, кўчаларни шағаллаштириш, саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, қурилиш ва бошқа масалалар юзасидан 25 та мурожаат келиб тушди. Шундан тўрттаси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган 21 та масала юзасидан мутасадди идораларга бажариш учун аниқ муддатлар белгиланиб, тегишли топшириқлар берилди.
«Намуна» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Хайрулло Аҳмедов ўзи истиқомат қилаётган «Бўстон» кўчасидаги айни ҳолат қониқарсиз эканлигини айтиб, ёрдам кўрсатишларини сўради. Иккинчи сектор ташаббуси билан мазкур кўчанинг 500 метр қисми шағаллаштирилди.
– Коллежни тамомлаганимдан кейин расмий равишда иш билан банд бўлмаганман, – дейди Паст қиёт маҳалласидан 21 ёшли Санжар Жўрабеков. – Вилоят прокурори билан мулоқот мен учун айни муддао бўлди. Менга трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Тошбулоқ тикув фабрикаси» масъулияти чекланган жамиятига меҳнат фаолиятимни олиб бориш учун йўлланма берилди.
Қўшчинор маҳалласида истиқомат қилувчи Убайдулла Раҳмоновнинг 25 ёшли фарзанди Жобир Абдуазизовда иккинчи гуруҳ ногиронлиги мавжуд. Саломатлигини тиклаш мақсадида қилинган мурожаат асосида унга вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволаниши учун йўлланма берилиши таъминланди.
Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида иккинчи сектор мутасаддилари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар келгусида тизимли равишда давом эттирилади.
Манба: ЎзА