Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг ташаббуслари халқаро даражада тан олинмоқда
2021-05-20 | Сиёсат
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолияти янада жадаллашгани халқаро жамоатчилик, эксперт ва мутахассислар томонидан ҳам ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг нуфузли халқаро ташкилотлар анжуманларида, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ)Бош Ассамблеяси мажлисларидаги нутқларида дунё ҳамжамиятининг эътибори минтақа ва жаҳон миқёсидаги глобал муаммоларга қаратилмоқда. Ҳозирги кунда давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари орқали Ўзбекистон ўз ташаббусларини минтақа ва дунё миқёсида фаол илгари сурмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўртага ташланган ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб бораётганига яна бир ёрқин далилдир.
Жумладан, 2021 йилнинг 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлат мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани бу фикрни яққол тақдиқлайди.
Бош Aссамблея томонидан қабул қилинган резолюция:
– Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилади;
– бундан буён ҳам Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантиради;
– Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлайди;
– барча манфаатдор томонларни қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.
Ҳужжатда Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказининг ташкил этилгани ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик асосида Траст фонди таъсис этилганига юксак баҳо берилди ва бу ташаббусларнинг БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши қайд этилди.
Шундай қилиб, Оролбўйи Бош Aссамблея томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди. БМТ Бош Aссамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур резолюция юқори технологияли инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни яратиш ва татбиқ қилишга, «яшил» иқтисодиёт тамойилларини кенг қўллаш, тупроқ деградацияси ва экологик миграциянинг олдини олиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Таъкидлаш ўринли, Ўзбекистоннинг экологик хавфсизликни таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларда ўз аксини топган. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра,ҳозирги кунда Орол денгизининг 450 минг гектар қуриган қисмида кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Оролбўйи ҳудудининг БМТ томонидан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиниши билан бирга, Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеянинг 75-сессиясида билдирилган қатор ташаббуслар – Марказий Осиё давлатлари ўртасида мустаҳкам иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва кенгайтириш, Афғонистонда тинчлик ҳукм сурши учун барча кучларни сафарбар қилиш мақсадида Президент томонидан берилган таклифлар ҳам жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий қабул қилиниб, мазкур йўналишларда ҳам жадал ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон томонидан жаҳон миқёсида илгари сурилаётган ташаббуслар нафақат миллий, балки умуминсоний манфаатларга қаратилган бўлиб, Орол муаммосида барча кучларни бирлаштиришга, минтақа ва дунё экологик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоиз, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурининг 259-бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган ташаббусларни парламентлараро даражада тарғиб қилиш чора-тадбирини амалга ошириш белгиланган.
Президент Шавкат Мирзиёевга тегишли яна бир халқаро ташаббус – Oрол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишга эришилгани Ҳаракатлар стратегияси ҳамда унинг доирасидаги давлат дастурларида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ҳаётий ифодасидир.
Манба: ЎзА