Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги “JETRO” Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
2021-05-20 | Иқтисодиёт
19 май куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “JETRO” Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Кудратов ва “JETRO”нинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Д.Такахаши томонидан имзоланди.
Ҳужжатда ҳар бир алоҳида ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини ва мамлакатда бизнес юритиш учун жорий этилган имкониятларни кенг ёритиш мақсадида Япониянинг ишбилармон доиралари учун барча ҳудудларимизда ҳар ойда бизнес-семинарлар ўтказиш кўзда тутилган.
Биринчи семинар 20 май куни Тошкент вилоятида бўлиб ўтади. “JETRO” таркибига кирувчи япон компанияларининг 100дан ортиқ вакиллари унда иштирок этишларини тасдиқладилар. Кейинги семинар Самарқанд вилоятида ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун: Ўзбекистонда “JETRO”нинг ваколатхонаси 2000 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Унинг асосий вазифалари Япония компанияларидан мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, икки мамлакат саноат корхоналари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор технологиялар билан алмашишни ташкил этишдан иборат.
“JETRO” Ўзбекистонда Япония Ишбилармонлар уюшмаси Котибияти вазифасини ҳам бажаради. У мунтазам равишда япон ва ўзбек тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорлиги ва ахборот кўмагига ёрдамлашади, шунингдек, Япон компанияларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари иштирокида мунтазам семинар ва учрашувлар ўтказиб туради. 2019 йилдан бошлаб ИТСВ “JETRO” билан Ўзбекистоннинг инвестициявий имиджини яхшилаш ва Япония инвестицияларини жалб этишга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги