Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва Жанубий Корея миллий полиция агентлиги ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича амалий тадбирлар белгилаб олинди
2021-05-19 | Сиёсат
Корея Республикасида амалий сафар билан бўлиб турган Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Дониёр Қодиров бошчилигидаги мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари делегацияси Жанубий Корея миллий полиция агентлиги (КМПА) Бош комиссари Ким Чанг Ёнг билан учрашди
Учрашув чоғида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва КМПА ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро манфаатли бўлган турли соҳаларда алоқаларни янада ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар белгилаб олинди. Мулоқот давомида Ўзбекистон делегациясига КМПАнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тўғрисида маълумот тақдим этилди. Ўзбекистон делегациясини КМПАнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича бюросининг фаолияти катта қизиқиш уйғотди.
КМПА Бош комиссари жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга амалий сафар билан келиш таклифини қабул қилди. У бўлажак сафар чоғида Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Жамоат хавфсизлиги университети ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академияси билан ҳамкорлик тўғрисида идоралараро ҳужжатларни имзолашга тайёрлигини тасдиқлади.
Шу куни Ўзбекистон делегацияси Сеул шаҳрининг Кангнам ва Йоксам туманларининг йирик полиция бошқармалари фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда ходимларнинг кундалик фаолияти, бошқарма шахсий таркиби, шунингдек, жиҳозлар ва махсус техникаларни ишлатиш жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, сафар дастури доирасида делегация аъзолари Сеул метро полициясининг бош қароргоҳига бўлди. Ўзбекистон вакилларига метро полициясининг таркибий тузилиши ва вазифалари тўғрисида тақдимот ўтказилди, Сеул метросида содир этилган асосий жиноятлар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берилди.
Хабар қилганимиздек, Ўзбекистон делегацияси таркиби Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва ихтисослашган таълим муассасалари раҳбарлари ва мутахассисларидан ташкил топган.
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари делегациясининг Корея Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги