Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида Паралимпия спорт марказлари ташкил этилади
2021-05-19 | Спорт
“Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг спорт объектлари, иншоотлари ва жиҳозларидан фойдаланган ҳолда улар базасида Паралимпия қўмитаси ҳузурида Паралимпия спорт марказлари ташкил этилади.
Қуйидагилар Паралимпия спорт марказларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
• жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларда спорт билан шуғулланиш қобилиятларини аниқлаш ва уларни адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган машғулотларга жалб қилиш;
• халқаро спорт майдонида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон паралимпия терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш;
• зарур замонавий моддий-техника базасини яратиш ҳамда спорт машғулотлари ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини танлаш, спорт захираси ва спорт турлари бўйича юқори маҳоратли спортчилар тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш;
• спорт тайёргарлиги босқичларида жисмоний имконияти чекланган
ва ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш усуллари ҳамда шаклларининг узвийлигини таъминлаш;
• спорт федерация (ассоциация)лари билан ҳамкорликни ривожлантириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт маҳоратини, шунингдек, адаптив (мослаштирилган), паралимпия спорт турлари бўйича тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги