Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Индонезия ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр

2021-05-19 | Иқтисодиёт

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Индонезия ҳамкорлигини чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Индонезия Республикаси парламенти Вакиллар палатаси саноат ва тараққиёт масалалари бўйича спикери ўринбосари Раҳмат Гобель бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Индонезия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларга ҳамда иқтисодий ривожланиш ва давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида эришилган натижаларга юқори баҳо берди, шунингдек, Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори сифатида барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари ва ишбилармон доираларининг ўзаро ташрифлари орқали муносабатларни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Яқин вақт ичида ҳар икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари жорий йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Индонезия Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ҳамда Ўзбекистон – Индонезия бизнес-форумини ўтказишга тайёргарликни бошлашига келишиб олинди. Шунингдек, Индонезия вазирлик ва идоралари раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Жакарта шаҳрига ҳам ташрифи ташкил этилади.

Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим салоҳияти қайд этилди – қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг электротехника, кимё, пойабзал ва чарм-атторлик тармоқларида қўшма ишлаб чиқариш объектларини яратиш ва чиқариладиган маҳсулотларни кейинчалик МДҲ, Жануби – шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкага экспорт қилиш истиқболларига эга бўлган лойиҳаларни шакллантириш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, икки мамлакат бозорларида талабга эга бўлган Ўзбекистон ва Индонезия маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, шунингдек, имтиёзли савдо ва ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорликка оид битимлар имзолашга тайёргарликни тезлаштириш орқали тегишли ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўли билан икки томонлама савдо ҳажмини ошириш бўйича амалий чораларни кўришга тайёрлигини билдирди.

Меҳмонхона бизнеси ва туризмни ривожлантиришда ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилнинг август ойида ўз таркибига Индонезия ишбилармон доираларини оладиган Индонезия уламолар Кенгаши вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилиши режалаштирилган.

Учрашув якунида эришилган барча келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни қамраб олган кенгайтирилган “Йўл харитасини” қисқа муддатда ишлаб чиқишга келишилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться