Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги делегатция Россияда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ўрганмоқда
2021-05-18 | Сиёсат
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги делегатция Россияда бўлиб турибди
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ матбуот хизматидан маълум қилишларича, делегатция таркибида Марказ вакиллари ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова раҳбарлигидаги Омбудсман офиси ходимлари ўрин олган.
Ўзбекистон делегатцияси аъзолари кеча Россия Президенти маслаҳатчиси, Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш кенгаши раиси Валерий Фадеев ҳамда Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалкова билан музокаралар ўтказди.
Мулоқотлар асносида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш истиқболлари белгилаб олинди.
Ўзбекистон делегатцияси аъзолари Россия ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳридаги меҳнат мигрантларини вақтинча сақлаш маркази, шунингдек, Сахарово қишлоғида жойлашган «Москва кўптармоқли миграция маркази»да бўлди.
Ташрифдан кўзланган мақсад – хорижий мамлакатларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз яшаётган ва ишлаётган объектларга бориб, улар билан суҳбатлашиш, ўзбекистонликларнинг яшаш, ишлаш ва тиббий хизматдан фойдаланиш шароитларини ўрганишдан иборат.
Ушбу муассасаларда ташкил этилган қабул жараёнида 20 нафардан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат мигрантининг мурожаатлари қабул қилинди. Уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Қайд этиш жоизки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Омбудсман Феруза Эшматова Россияга амалий сафари доирасида «Ўзбекистон фуқароларининг Россиядаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари» мавзусидаги Ўзбекистон – Россия форумида ҳам иштирок этади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги