Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбекгидроэнерго” қисқа даврда улкан ютуқларга эришмоқда
2021-05-18 | Сиёсат
Мамлакатимизда сўнгги йилларда инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэлектр станциялар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ГЭСларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ишлари юқори суръатларда олиб борилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ўтган даврда жамият гидроэнергетика тармоғини ривожлантиришда залворли ютуқларга эришди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни изчиллик билан кўпайтириш, иқтисодиёт тармоқлари ва республика аҳолисининг электр энергияга бўлган талабини тўлақонли таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги тўрт йил мобайнида бир қатор йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилди. Соҳада янги ГЭСларни қуриш, мавжудларини модернизация қилиш борасида 30 дан ортиқ инвестициявий лойиҳа асосида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, коронавирус пандемиясининг оғир синовли ва таҳликали шароитларига қарамай, иш фаолиятини оқилона ва барча қоидаларга риоя қилган ҳолда ташкил этилганлиги натижасида 2020 йилда умумий қуввати 118,3 МВтга тенг бўлган 6 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. “Оҳангарон дарёсида Қамчиқ кичик ГЭС қурилиши”, “Тўполанг дарёсида Зарчоб кичик ГЭСлар каскади қурилиши”, “Қодирия ГЭСлар каскади” УК ГЭС-3 модернизация қилиш” лойиҳаси шулар жумласидандир.
Ўтган даврда мавжуд 36 та ГЭС янгидан қурилган йирик, ўрта ҳамда микро ГЭСлар ҳисобига 47 тага етди. Ҳозирда мамлакатимизнинг умумий гидроэнергетика қуввати 2 005 МВт ни ташкил этмоқда.
Жорий йилда умумий қиймати 1 344,1 миллион доллар бўлган 16 та лойиҳа доирасида, 183,8 миллион доллар инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши кўзда тутилган. Шундан хорижий кредитлар 87,4 миллион долларни, жамият маблағлари 96,4 миллион долларни ташкил қилади. Масалан, Зарчоб-2 ва Камолот ГЭСлари қурилиши, Фарҳод ГЭС модернизациясини ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, йилига 673,7 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати, шунингдек, қўшимча 59 та янги иш ўрни яратилади.
2021 йилдан эътиборан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда умумий қиймати 75,3 миллион долларга тенг қуввати 24 МВт бўлган Оқсу дарёсида Рабат ва Чаппасуй ҳамда Тамшуш ГЭСлари қурилиши бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши бошланди.
Янги микро ва кичик гидроэлектр станцияларни жойлаштиришнинг техник имконияти мавжуд объектлар рўйхатини тузиш ва шакллантириш, кичик сув оқимларидан унумли фойдаланиш мақсадида микро ГЭСлар қуриш борасида соҳа мутахассислари томонидан асосли таклифлар ўрганиб чиқилди ва уларнинг рўйхати шакллантирилди. Шакллантирилган янги лойиҳага кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 30 га яқин янги микро ГЭСлар қуриш режалаштирилган.
2021 йилда тасдиқланган режа асосида 16 та инвестициявий лойиҳа бўйича қурилиш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг 11 таси янги ГЭСни қуриш ва қўшимча 587 МВт қувватни яратиш билан боғлиқ бўлса, қолган 5 та лойиҳа амалда фаолият юритаётган 5 та ГЭСни модернизация қилиб, уларнинг мавжуд 364 МВтга тенг ишлаб чиқариш қувватига қўшимча равишда 153 МВт гидроэнергетик қувватни қўшишни назарда тутади. Ушбу лойиҳаларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида қўшимча тарзда 381 та янги иш ўрни яратилади.
Гидроэнергетика соҳаси тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган ва модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудларда аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиши, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланиши, қисқа қилиб айтганда, халқимиз фаровонлигининг ортишига хизмат қилмоқда.
Қайд этиш керакки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ юртимиздаги ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида биринчилардан бўлиб “Fitch Ratings” халқаро кредит рейтингининг “B+” (барқарор) даражасини қўлга киритди. Бу эса жамиятни жаҳоннинг машҳур инвесторлар бозорларига аниқ ва равшан бизнес стратегиясига, шаффоф молиявий ҳисоботларига ва кучли корпоратив бошқарув тизимига эга биринчи ўзбек ишлаб чиқарувчи корхонаси сифатида танитади.
Манба: ЎзА