Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон элчиси USAID миссиясининг янги тайинланган раҳбари билан қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди
2021-05-18 | Сиёсат
Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги янги тайинланган миссияси раҳбари Микаэла Мередит билан онлайн-музокаралар ўтказди
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Микаэла Мередит USAID тизимида 25 йиллик тажрибага эга. 1990 йилларда Ироқ, Судан, Кения, Сомали, Руанда, Конго ва Боснияда гуманитар ва фалокатга қарши кураш жамоаларида хизмат қилган. Нигерия (2008-2010) ва Яман (2006-2008) миссиясининг директори ўринбосари ловозида ишлаган. Африкадаги USAID Эбола назорати бўлинмаларига, Жанубий ва Шарқий Африка масалалари бўйича идорасига (2010-2015) раҳбарлик қилган. 2015 йилнинг сентябрь ойида Агентликнинг Озарбайжондаги миссиясига илк бор раҳбарлик қилди. У 2018 йил июль ойидан бери USAIDнинг Албаниядаги миссиясини бошқариб келаётган эди. Микаэла Мередит Колумбия университети Халқаро алоқалар мактаби магистри даражасига эга.
Онлайн-мулоқот чоғида USAID миссиясининг янги раҳбари Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижаларидан яхши хабардор эканини, мамлакатнинг минтақавий алоқа ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо беришини таъкидлади. У Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражадаги халқаро конференциясининг ўтказилишини олқишлади.
Томонлар Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида хусусий секторни ривожлантириш бўйича қишлоқ хўжалиги техникасини жорий этишга қаратилган «агрофирмаларни ривожлантириш» дастури доирасида жорий ва истиқболдаги USAID ёрдам дастурининг амалга оширилишини муҳокама қилди.
Микаэла Мередит, шунингдек, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, ерларнинг деградацияси ва чўлланишининг олдини олиш технологияларини жорий этиш, қишлоқ жойларида ичимлик суви таъминоти тизимини таъминлашнинг устувор йўналишлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши кураш шароитида экологик муаммоларни ҳал этишга ёрдам бериш мақсадида USAID тез орада 24 миллион АҚШ доллари қийматидаги беш йиллик «WAVE Project» лойиҳасини ишга туширади.
Ўзбекистон аҳолисини «Pfizer», «Moderna» ва «Johnson & Johnson» вакцинаси билан таъминлаш борасида USAID билан ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталди.
Мулоқот чоғида USAIDнинг янги тайинланган маъмури АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги собиқ доимий вакили Саманта Пауэрнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрь ойида АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда мамлакатдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларнинг кенг кўламли дастурини қўллаб-қувватлаш бўйича тўлақонли миссия очилганини эълон қилган эди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги