Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ИИВ ишчи гуруҳи ва вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан «Темур тузуклари билимдони» беллашуви бўлиб ўтди
2021-05-18 | Хавфсизлик соҳаси
Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий ва маърифий билимини бойитиш, аждодлар мероси ва ақл закоси маҳсули бўлган асарларини ўрганиш, китобхонлик маданияти ва китобсеварлик хислатларини янада ошириш мақсадида тез-тез турли мавзуларда тадбирлар уюштириб келинмоқда.
Жумладан, яқинда ИИВ Қашқадарё академик лицейида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ишчи гуруҳи ва вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ва шаҳар-туманларида хизмат олиб бораётган ходимлари ўртасида «Темур тузуклари билимдони» беллашуви бўлиб ўтди. Тадбирни Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник Ҳабибулла Бозоров очди.
Уч шарт – кроссворд ечиш, Темур тузуклари юзасидан савол жавоб ва тузукда келтирилган жумлаларни давом эттириш йўналишида бўлиб ўтган беллашувда билимдонлар маҳорати ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти масъул ходими, ИИВ Қашқадарё академик лицейи ва Қарши ДУ ўқитувчилари ҳамда бошқарма Кадрлар бошқармаси масъул ходимларидан таркиб топган ҳайъат томонидан баҳолаб борилди. Баҳс ва мунозараларга бой кечган билимдонлар беллашувида ички ишлар органлари ходимлари соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти, жангу жадаллари билан боғлиқ кўплаб маълумотларни билиши маълум бўлди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан эълон қилинган натижаларга кўра, 1-ўринни Қашқадарё вилояти Косон тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант Миржалол Мурсалов қўлга киритди. Касби тумани ИИБ 14-сонли ИИБ суриштирув гуруҳи суриштирувчиси катта лейтенант Бобур Шоймарданов 2-ўринни, Қашқадарё вилояти ИИБ ЖИEБ 33-сон Манзил-колонияси кадрлар гуруҳи катта инспектори лейтенант Музаффар Баширов 3-ўринни банд этди.
Танлов ғолиблари бошқарма раҳбариятининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги