Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон элчиси Финляндия вакиллари билан ахборот технологияларини жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
2021-05-18 | Технологиялар
Ўзбекистоннинг Финляндиядаги (қароргоҳи Рига шаҳрида) элчиси Қадамбай Султонов кеча «Nokia» корпорацияси вице-президенти Микко Лаванти билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди
Онлайн-мулоқотда «Nokia» компанияси билан сармоявий ва технологик ҳамкорлик истиқболлари ҳамда республика IТ ва телекоммуникация соҳасига Финляндия илмий-техник салоҳиятини жалб этишнинг амалий жиҳатлари ҳақида фикр алмашилди.
Микко Лаванти жорий йил февраль-март ва апрель ойларида Ўзбекистонга амалий сафари давомида ўтказган музокаралари натижалари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Ўзбекистондаги қатор йирик алоқа операторлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган чуқур ўзгаришлар ва барча тармоқларда замонавий дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва коммуникация ресурсларини жорий этиш борасидаги мақсадли саъй-ҳаракатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Корпорациянинг республикада 5G технологияларини жорий этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилишга бўлган қизиқиши тасдиқланди.
Ўз навбатида, Микко Лавантига Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида давлат хизматларини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш ва ёшларни дастурий таълимга жалб этиш бўйича белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
«Nokia» корпорацияси вице-президенти Тошкентда ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражадаги халқаро конференцияга таклиф этилди.
«Nokia» Финляндиядаги трансмиллий технология корпорациясидир. У дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида фаолият кўрсатади. Корпорация ишлаб чиқариш корхоналарида 103 минг кишининг бандлиги таъминланган. «Nokia»нинг йиллик даромади 23 миллиард долларга тенг. «Fortune Global 500»га кўра, «Nokia» дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Компания 5G мобил тармоқлари учун стандартларнинг кейинги авлодини ишлаб чиқмоқда. «Nokia»нинг Ўзбекистонда минтақавий мақомга эга бўлган ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги