Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Кореядаги ўзбекистонлик талабалар ҳаёти мавзусида онлайн-конференция ўтказилди
2021-05-17 | Таълим
Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси ва Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг ушбу мамлакатдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида «Жанубий Кореядаги ўзбекистонлик талабалар» мавзусида онлайн-конференция ташкил этилди
Тадбирда Корея Республикасида таҳсил олаётган, пандемия туфайли академик таътил олиб Ўзбекистонга қайтган талабалар ҳамда келажакда Жанубий Кореяда ўқиш истагида бўлган ёшлар иштирок этди.
Тадбирда ёшларни қизиқтирган қатор масалалар, хусусан, Жанубий Кореяга ўқиш визасини расмийлаштириш, талабалар ўқиш давомида дуч келаётган муаммолар, ёшларнинг бўш вақтларида вақтинча ишлаши масалалари ва ўқишни тугатгандан кейин доимий ишга жойлашиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Конференцияда узоқ вақтдан буён Жанубий Кореяда истиқомат қилиб келаётган, ушбу мамлакатда таҳсил олган, Сежонг университети докторанти Отабек Жўраев асосий маърузачи сифатида қатнашди.
Корея Республикасига ўқишга қайтиб келмоқчи бўлган ёки пандемия сабабли талабалик визасини ололмаётган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги