Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев вафоти муносабати билан ҳамдардлик

2021-05-17 | Жамият

Мамлакатимиз санъати ва маданияти оғир жудоликка учради. Миллий театр санъатимиз ва маданиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ва бетакрор истеъдод соҳиби, атоқли режиссёр, устоз санъаткор, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Халқ артисти Баҳодир Турсунович Йўлдошев шу йил 16 май куни 76 ёшида вафот этди.

​Б.Йўлдошев 1945 йил 7 сентябрда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомчилик институтида режиссёрлик мутахассислиги бўйича таҳсил олди.

​Меҳнат фаолиятини Ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) артисти лавозимида бошлади. Ўзининг шонли анъаналарига эга бўлган мазкур ижодий даргоҳда тез орада ўзига хос ёрқин услуби ва ижодий принципларига эга бўлган моҳир режиссёр сифатида шаклланди. Йигирма етти ёшида ушбу нуфузли театрга бош режиссёр ва бадиий раҳбар этиб тайинланди. Ўн уч йил давомида жамоада ишчан ижодий муҳит яратиш, театр репертуарини замонавий ҳамда мумтоз миллий ва хорижий асарлар билан бойитиш, иқтидорли истеъдод эгаларини тарбиялашга улкан ҳисса қўшди.

1984-2004 йилларда Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида самарали фаолият кўрсатди.  

​Санъатни чин дилдан севган, унга садоқат билан  хизмат қилишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билган ёрқин истеъдод соҳиби ўзбек режиссёрлик санъатида ўз ижодий мактабини яратди. 

Б.Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган “Абу Райҳон Беруний”, “Ибн Сино”, “Искандар”, “Нодирабегим”, “Юлдузли тунлар”, “Қора камар”, “Фармонбиби аразлади”, “Келинлар қўзғолони”, “Майсаранинг иши”, “Чеча”, “Аршин мололон” каби ўнлаб драматик асарлар миллионлаб санъат мухлисларининг қалбидан чуқур жой олиб, театр санъатимизнинг “олтин фонди”дан ўрин эгаллади. Ушбу асарларнинг аксарият кўпчилиги чет элларда ҳам катта муваффақият билан намойиш этилди.  

​Миллий театр санъатимизни янги ғоя ва талқинлар, бетакрор асарлар билан бойитиш ҳақида тинимсиз изланиб яшаганБ.Йўлдошев майдон томошалари, оммавий маданий тадбирларни саҳналаштириш бўйича нафақат республикамиз, балки хорижиймамлакатларда ҳам эътироф этилган, бадиий тафаккури ниҳоятда кенг, ўз касбининг чинакам устаси ва фидойиси бўлган атоқли ижодкор эди.  

Улкан истеъдод соҳиби Б.Йўлдошевнинг ижодий фаолияти, ташкилотчилик салоҳияти айниқса мустақиллик йилларида ёрқин намоён бўлди. Мустақиллик ва Наврўз умумхалқ байрамлари ҳамда юртимиз ва чет элларда катта шуҳрат қозонган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалини, мақом ва бахшичилик, миллий ҳунармандчилик санъатларига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманларнинг бадиий дастурларини яратиш борасида ўзини аямасдан, фидокорона хизмат қилганини халқимиз, маданий жамоатчилигимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Бутун онгли ҳаётини миллий санъатимизни равнақ топтиришга бағишлаган улуғ санъаткор 2009 йилда “Дийдор” ёшлар экспериментал театр-студиясини ташкил этиб, умрининг охирига қадар унга раҳбарлик қилиб келди. Ушбу студия фаолияти орқали ўнлаб иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, мумтоз миллий адабиётимиз намуналарини саҳналаштириш ва тарғиб этиш йўлида жонбозлик кўрсатди.

Б.Йўлдошев ўзининг бой билим ва тажрибаси асосида ёшларга саҳна илми, режиссёрлик санъатининг назарий ва амалий масалаларидан сабоқ бериш мақсадида марказий телеканалларимиз орқали ғоят ибратли “Маҳорат дарслари”ни ўтказиб келди.

Б.Йўлдошевнинг миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У  "Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби"  ҳамда  "Ўзбекистон Республикаси халқ артисти" фахрий унвонлари,  "Меҳнат шуҳрати" , "Фидокорона хизматлари учун",  "Эл-юрт ҳурмати", “Буюк хизматлари учун” орденлари  билан мукофотланган эди.

​Халқимизнинг буюк санъаткор фарзанди, бетакрор шахс, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Баҳодир Турсунович Йўлдошевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

​​​Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, О.Назарбеков, С.Саидов

Манба: ЎзА

Поделиться