Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонун лойиҳаси билан тадбиркорларга қандай имкониятлар бериляпти
2021-05-12 | Иқтисодиёт
Куни кеча Молия вазирлигида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари М. Қурбонбоев, А. Умиров, Ж. Қосимов, Молия вазирлиги ходимлари ҳамда Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари иштирок этишди.
Қайд этилганидек, лойиҳада тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли даромадаларини оширишга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.
Қонун лойиҳаси билан электр двигатель орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғим тўлашдан озод этилиши назарда тутиляпти.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 январга қадар фойда ва сув солиқлари бўйича 50 фоизлик имтиёз берилмоқда. Тадбиркорлар берилган имтиёзлардан оқилона фойдаланган тақдирда солиқлардан иқтисод қилинган маблағ ҳисобидан фаолиятини янада кенгайтириш имконияти яратилади.
Депутаталар томонидан қонун ижодкорларига лойиҳа юзасидан саволлар берилиб, мутахассислар томонидан батафсил жавоб ва тушунтиришлар олинди.
Давра суҳбатида қонунчилик техникасидан келиб чиқиб лойиҳага бир қатор тузатиш ва ўзгартиришлар киритилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси