Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш вазирининг ўрта тиббиёт ходимларига байрам табриги
2021-05-12 | Соғлиқни сақлаш
Қадрли ҳамширалар!
Фидойи ўрта тиббиёт ходимлари!
12 май — Халқаро ҳамширалар куни ҳар йили юртимизда кенг нишонланиб келинади. Аммо бу йил байрам шодиёнаси аввалгилардан ҳам шукуҳли бўлиши, шубҳасиз. Боиси, бугунги оғир пандемия даврининг асосий қаҳрамонлари, кўринмас ёв — коронавирус балосига қарши курашда фидойилик, улкан матонат кўрсатган оқ либос соҳибларига халқимизнинг эъзоз-эҳтироми чексиздир.
Ҳамширалар, аввало, бор меҳр-муҳаббати, ғамхўрлиги, ширин сўзлари ила дард билан олишаётган оғир аҳволдаги беморларни парваришлаб, даволаш муолажаларини ўтказиб, бебаҳо неъмат бўлмиш саломатликларини сақлаб қолишмоқда.
Шунингдек, аҳоли орасида уйма-уй юриб, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, жисмоний фаол бўлишга доимий равишда чорлаб, халқимизни турли оғир хасталикларга дучор бўлишининг олдини олаётир. Шу боис ҳам уларни ер устидаги оппоқ фаришталарга қиёс этсак арзийди.
Соғлиқни сақлаш тизимининг катта қисмини ташкил этувчи ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси, машаққатли меҳнати “COVID-19” инфекциясига қарши кураш, юртимизда ўтказилаётган оммавий эмлаш жараёнлари, мамлакатимиз тиббиёт соҳаси тараққиёти, аҳоли саломатлигини сақлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади, десак муболаға бўлмайди.
Шу боис ҳам, мамлакатимизда ҳамшираларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турли имтиёз ва имкониятлар яратиш, жамиятдаги ўрни, ижтимоий мавқеини кўтаришга доимий равишда эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан, ушбу байрам арафасида Президентимиз томонидан “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони имзолангани ҳам Сиз ҳамшираларга кўрсатилган юксак эътиборнинг яққол намунасидир.
Айтиш лозимки, мазкур ҳужжатда ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда “Ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш тартиб-қоидалари каби муҳим масалаларга алоҳида урғу берилган.
Жумладан, Фармонда ўрта тиббиёт ходимлари учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан эса яна қўшимча 10 мингта штатлар ажратилиши белгилангани катта тарихий воқеа бўлди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳужжат асосида амалга ошириладиган янгилик ва ўзгаришлар Сиз ўрта тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрнингиз, ижтимоий мавқеингизни кўтариш ва фаолиятингизни тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу эса давлат ва жамиятнинг Сизларга берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлигидан дарак беради.
Қайд этиш жоиз, юртимиздаги оқ либос соҳиб ва соҳибалари уларга берилаётган эътиборга ўзларининг фидойилиги, касби ва қасамёдига бўлган садоқати билан муносиб жавоб қайтармоқда.
Ўрта тиббиёт ходимларининг мамлакатимиздаги энг нуфузли тиббиёт муассасаларида мураккаб жарроҳлик операцияларини муваффақиятли ўтказишда шифокорларга кўмак беришидан тортиб, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати тизимидаги фаоллиги, фидойилиги ҳамда коронавирус инфекциясининг олдини олиш, касалликка чалинган беморларни даволаш борасидаги матонатию патронаж тизимининг асосий бўғини сифатидаги фаолияти таҳсинга сазовор. Шу кунларда юртимизда ўтказилаётган оммавий эмлаш жараёнларини сифатли санитария талаб-қоидаларига мос тарзда ўтказишда ҳам уларнинг алоҳида фаоллик кўрсатаётганини мамнуният билан қайд этиш лозим.
Албатта, бундай фидойи инсонлар халқимиз меҳрини қозониши билан бирга давлатимизнинг эътирофи, ғамхўрлигига ҳам эришаётганлиги қувончлидир. Жумладан, Президентимизнинг ўтган йили тегишли Фармонлари билан тиббиётимиз тарихида биринчи маротаба ҳар йилгиданда кўпроқ 70 нафардан ортиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият юритаётган ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари нуфузли Давлат мукофотларига сазовор бўлди.
Ҳурматли ҳамширалар,
Қадрли ўрта тиббиёт ходимлари!
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни яна бир бор Халқаро ҳамширалар куни билан самимий муборакбод этаман. Ҳамиша халқимиз ардоғида бўлиб юринг, азиз ва мўътабар тиббиёт соҳаси ходималари!
Манба: ЎзА