Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестицияларни жалб этиш, саноатни ривожлантириш ва экспортни оширишни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилди
2021-05-11 | Иқтисодиёт
Вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарияти иштирокида видеоконференция шаклида инвестицияларни жалб этиш, саноат тармоқларини ривожлантириш ва экспорт ҳажмини оширишни янада рағбатлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳудудлар кесимида инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари билан ҳамкорлик қилиш самарадорлигининг танқидий таҳлили ўтказилди. Ўтказилган таҳлил жорий йилнинг 4 ойи якунларига кўра, мамлакатнинг 33та шаҳар ва туманида инвестицияларни жалб қилишнинг нисбатан паст даражасини, 21та шаҳар ва туманларда эса янги саноат лойиҳалари ишга туширилиши тасдиқланган режалардан сезиларли даражада ортда қолаётганлигини кўрсатди. Кўп ҳолларда бу камчиликлар мутасадди шахслар тадбиркорлар – инвестиция лойиҳалари ташаббускорларининг масала ва муаммоларини ҳал этишга етарли даражада эътибор бермаётганликларининг натижасидир.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ҳам ўрганилди. Жумладан, 42та туман ва шаҳарларда экспорт ҳажмининг етарли эмаслиги қайд этилди, бунга мутасадди раҳбарларнинг экспорт қилувчи корхоналар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш борасидаги фаолияти етарли даражада эмаслиги сабаб бўлди.
Таҳлил натижалари асосида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг ўз ишларида ёмон натижа кўрсатган 52 нафар масъул раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар қўллашга қарор қилинди. Шунингдек, келиб тушаётган сўровларга тезкор жавоб бериш ҳамда ишлаб чиқариш ва ташқи савдо фаолияти жараёнида юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишни назарда тутиб, тадбиркорлар ва экспортчилар билан амалий ҳамкорлик қилиш самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Ҳудудларда тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, фармацевтика, ипак, мебель, заргарлик, вино ишлаб чиқариш ва ёғ – мой саноати, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби салмоқли инвестициявий, саноат ва экспорт салоҳияти билан тавсифланадиган 10 саноат тармоқларини ривожлантириш бўйича биринчи даражали чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли идоралар ва тармоқ бирлашмалари раҳбарларига импорт таркибини, ички бозорнинг маҳсулотлар айрим турларига бўлган эҳтиёжини чуқур таҳлил қилиш, шунингдек, логистика ва бозор шарт-шароитлари нуқтаи назаридан ишлаб чиқариш объектларини оптимал жойлаштириш учун мамлакатнинг туман ва шаҳарлари кесимида мавжуд захираларни ўрганиш топширилди.
Шунингдек, ёшларни тадбиркорлик ва саноат фаолиятига жалб этиш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Таъкидландики, жорий йилда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида 219та ёшлар саноат ва бизнес зоналарини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг умумий майдони 800 гектардан кўпроғини ташкил этади. Йиғилиш давомида мазкур зоналар фаолиятини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари, жумладан, молиялаштириш масалалари ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкалари ажратиш тартиби муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар 77та шундай зонани ишга тушириш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, инвестиция лойиҳаларини танлаш ва амалга оширилишини молиялаштириш жараёнларини рақамлаштириш ва автоматлаштиришни таъминлайдиган махсус веб-сайт яратилишини жадаллаштириш ҳамда бошқа амалий масалаларни ҳал этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан қўшимча аниқ кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги