Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
2021-05-11 | Сиёсат
Бугун Сиань шаҳрида (Хитой) Ўзбекистон делегациясининг «Марказий Осиё – Хитой» шаклидаги иккинчи учрашувидаги иштироки доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашув ўтказди
ТИВ маълумотига кўра, вазирлар икки томонлама алоқалар ривожланиши билан боғлиқ долзарб масалалар ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли самарали натижалар бераётган қатор келишувларга эришилди, ўзаро ишонч мустаҳкамланди, қардош халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кенгайди.
Томонлар Саноат кооперацияси бўйича «Йўл харитаси»ни, мультимодаль транспорт коридори ҳамда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасини имкон қадар тез муддатда амалга оширишнинг муҳимлигини қайд этди.
Учрашувда икки томонлама муносабатларга доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги