Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
IVI Бош директори Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ташкил этиладиган COVID-19 бўйича 1-халқаро илмий конгрессда иштирок этишини маълум қилди
2021-05-10 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон дипломатлари Жанубий Корея пойтахтида Халқаро вакцина институти (The International Vaccine Institute – IVI) бош директори Жером Ким учрашди. Унда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
IVI 1997 йилда БМТ ташаббуси билан ўта хавфли юқумли касалликларга қарши вакциналар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган. Бош қароргоҳи Сеулда жойлашган мазкур институт 36 давлат ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан имзоланган шартнома асосида фаолият юритувчи мухтор ва мустақил нотижорат халқаро ташкилот ҳисобланади.
Халқаро илмий ҳамжамият, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, ҳукуматлар ва ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда IVI вакцина ишлаб чиқаришнинг барча босқичи — лаборатория тадқиқотларидан тортиб янги вакцинани ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнда қатнашади. Институт вакцинага энг кўп эҳтиёж сезаётган мамлакатларда уни барқарор тарзда жорий қилишга ҳам ёрдам беради.
Учрашувда Ўзбекистон ва IVI ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Жером Ким Ўзбекистонга 1997 йил май ойидан бошлаб IVI фаолиятида унга аъзо мамлакат сифатида иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, у томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Ж.Ким Халқаро вакциналар институти Ўзбекистон билан амалий ҳамкорликнинг амалий йўналишларини назарда тутувчи икки томонлама ҳужжат имзолаш имкониятини кўриб чиқиш таклифини билдирди.
Бундан ташқари, IVI бош директори Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан 1-4 июнь кунлари онлайн шаклда ўтказиладиган COVID-19 бўйича биринчи халқаро илмий конгрессда иштирок этишини тасдиқлади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги