Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом юзасидан шарҳ
2021-05-08 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган “Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги Молия вазирининг буйруғи (Адлия вазирлигида 2021 йил 7 майдаги 3299-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди) қабул қилинди.
Мазкур буйруқ билан “Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқланган бўлиб, бунга кўра барча даражадаги бюджет маблағлари тақсимловчилар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси томонидан расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби белгиланмоқда.
Жумладан, Низом билан:
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида очиқ маълумотларнинг мазмуни ва жойлаштириш муддатлари;
расмий веб-сайтларга жойлаштириб бориладиган маълумотларнинг шакллари;
бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида очиқ маълумотларни жойлаштириш тартиблари белгиланди.
Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини, шунингдек тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни;
давлат органлари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромади ва харажатлари ҳам эндиликда ушбу Низом билан тасдиқланган тартиб бўйича ҳар чорак якунларига кўра ўзларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириб боришлари лозимлиги белгилаб қўйилди.
Бу эса, давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари шаклланиш йўналишлари ва ушбу маблағларни қандай мақсадларда сарфланаётганлиги бўйича маълумотларни жамоатчилик учун очиқ тарзда эълон қилинишини таъминлайди.
Шу билан бирга, Молия вазирлиги бюджет ташкилотларининг харажатлари ижроси, бюджетдан ташқари маблағлар тушуми, харажатлари ҳамда давлат харидлари юзасидан маълумотларни тизимлаштирилган ҳолда туман (шаҳар)лар кесимида жойлаштириб бориши;
давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар "Очиқ бюджет" ахборот порталига жойлаштириб бориши белгиланди.
Эслатиб ўтиш жоизки, қонунчиликга киритилган тегишли ўзгартиришларга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб бюджет очиқлиги бўйича маълумотларни расмий веб-сайтларига жойлаштирилмаганлиги бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб ҳисобланиши ҳамда тегишли ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима қўлланишига сабаб бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги