Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон – Афғонистон: Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

2021-05-07 | Таълим

Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонасида “Ўзбек тили дўстлари” клубининг фаол аъзолари иштирокида “давра суҳбати” ташкил этилди

Тадбирда Кобул ва Жаузжон университетлари, Б.Раббоний номли Кобул педагогика институти туркий тиллар департаментларининг ўзбек тили кафедралари мудирлари Ғулом Расул Қарлуқ, Нурилла Олтой, Султон Маҳмуд, “Бону ТВ” телеканали бош муҳаррири Азизулла Аррал ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.

“Давра суҳбати” давомида маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

21 октябрь Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида байрам қилинади. Айнан шу санани 2020 йилдан бошлаб Афғонистонда ҳам “Ўзбек тили куни” сифатида нишонланиши ва бу борада Афғонистон Президентининг махсус фармойиши қабул қилингани таъкидланди.

2020 йил 20 октябрь куни мазкур байрам Афғонистонда биринчи бор кенг нишонлангани, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон Президенти ва тадбир иштирокчилари номига йўллаган табрик мактуби ўқиб эшиттирилгани, Ўзбекистон ҳукумати делегацияси иштирок этгани Афғонистонда яшовчи ўзбеклар учун буюк ифтихор бўлгани қайд этилди.

Жорий йил 7-9 апрель кунлари Ҳирот шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро семинарда ҳам юқори даражали Ўзбекистон делегацияси иштирок этиб, Навоий сиймосига юксак эҳтиром кўрсатди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш бўйича олиб борилаётган хайрли ишлар Афғонистон раҳбарияти ва халқи томонидан катта мамнуният билан қарши олинганига эътибор қаратилди.   

Алишер Навоийнинг араб алифбосида чоп этилган “Хамса” асарининг Ҳиротда ўтказилган семинар доирасида тақдим этилгани муҳим воқеа бўлди. Мазкур китобнинг Афғонистон томонига туҳфа қилиниши кенг жамоатчилик томонидан улуғ бобомиз асарларини ўқиш ва улар билан яқиндан танишишда муҳим ўрин тутади.   

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида эришилган келишувларга асосан 2021 йил октябрь ойида Бухоро ва Мозори-Шариф шаҳарларида буюк муҳаддислар Имом Бухорий ва Имом Термизий ҳаёти ва меросига бағишланган халқаро конференциялар ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Афғонистонда яшовчи ўзбек зиёлилари саъй-ҳаракатлари ва уларнинг Афғонистон Президенти девони томонидан қўллаб қувватланиши натижасида 70 минг сўзни ўз ичига олган қомус яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мазкур манба дарий ва пушту тилларига таржима қилиниб, алоҳида китоб шаклида чоп этилади. Бундан кўзланган мақсад – ўзбек тилини Афғонистонда яшовчи миллатлар орасида кенг тарғиб этиш ва мавқеини мустаҳкамлашдан иборат.

Томонларнинг фикрича, шоир ва ёзувчиларнинг Ўзбекистон ва Афғонистонда ҳар йили ўтказиладиган “Олтин қалам” ва “Олтин бармоқ” каби халқаро танловларда иштирокини таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу танловларда қатнашиш орқали ижодкорлар ўз асарларини кенг жамоатчилик олдида намойиш этиш имкониятига эга бўлади.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети билан Кобул давлат университети ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзолаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Айни пайтда Ўзбекистон томонидан тақдим этилган ҳужжат лойиҳалари Афғонистон томонидан кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда таълим, сўз эркинлиги ва диний бағрикенглик каби йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.      

“Давра суҳбати” доирасида 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.

Ушбу китоблар Кобул университети, Жаузжон университети, Б.Раббоний номидаги Кобул педагогика институти туркий тиллар департаментларининг ўзбек тили кафедралари раҳбарлари ва “Бону ТВ” телеканали бош муҳарририга топширилди.

Афғонистон олий таълим муассасалари вакиллари ҳадя қилинган китоблар учун самимий миннатдорлик билдирди.

Тадбир якунида “Ўзбек тили дўстлари” клуби фаолияти доирасида маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларига оид турли мавзудаги тадбирларни мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться