Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўша сўнмас жасоратлар биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлмоқда

2021-05-06 | Сиёсат

Шафқатсиз уруш хотиралари, машаққатли меҳнат фронти ҳақидаги аниқ тасаввурлар аллақачон шаклланиб улгурган. Ўша машъум йиллар акс этган киноларни кўраётган бугунги ёш авлод ҳам аллақачон ўша даҳшатлар ҳақида маълум тасаввурга эга.

Хўш, буларни нега эслаяпман? Шу кунларда хотира ва қадрлаш тадбирлари кенг қулоч ёйди. Буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этиш, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қилиш ишларига камарбасталикни қўлга олдик. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Чунки улар бугунги ёруғ кунлар учун фидойилик намунасини кўрсатганлар. Бир нарсани тан олиб фахр билан таъкидлаш керак: орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, буюк Ғалабанинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораверади. Бу сўнмас жасоратлар мана, орадан 70 йилдан зиёд вақт ўтибдики, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлмоқда.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни – эл-юртимизнинг асл фарзандлари беш йил давомида мардона жанг қилиб, ёвуз душманни тор-мор этган, мислсиз талофатлар эвазига эришган шон-шараф айёмидир. 

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли бу урушда 1 ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган. Бу рақамларни доимо ёдда сақлашимиз керак, деб ҳисоблайман. Негаки, улар шунчаки статистик маълумотлар эмас. Бу рақамлар халқимиз бошидан кечирган мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмаслик, шунингдек, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлмоқ, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбияламоқ даъватидир.

Шу ўринда яна бир ҳақиқат ҳақида қайд этиш жоиз. У ҳам бўлса, ҳар қадамда энг катта, бебаҳо бойлик бўлган тинчликка рахна солиш, турли халқлар ўртасида уруш оловини ёқиш, миллий ва диний зиддиятларни авж олдиришга уринаётган кучларнинг борлиги. Бундай ёвуз кучларга қарши курашда, аввало, доимий ҳушёрлик ва огоҳлик, жаҳолатга қарши – маърифат, бутун халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам айни мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли таъсирлардан асраш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться