Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида шахмат бурчаги ташкил этилди
2021-05-06 | Спорт
Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) ҳовлисида Туризм ва спорт вазирлиги кўмагида шахмат бурчаги ташкил этилди.
2021 йил Ўзбекистон Президенти томонидан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди ва бу борада махсус Давлат дастури ишлаб чиқилди. Ушбу Дастур ижроси юзасидан 3-7 май кунлари мамлакатимизда «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» мавзусида медиаҳафталиги ўтказилмоқда. 5 май куни медиаҳафталик доирасида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида «Журналист кадрлар тайёрлаш масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди ва турли меморандумлар имзоланди, шунингдек олийгоҳ бўйлаб экскурция ташкил этилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга ҳукумат аъзолари, элчилар, хорижий ваколатхоналар вакиллари, Олий таълим муассасалари ректорлари, етакчи хорижий ҳамда маҳаллий журналистлар ва ОАВ вакиллари таклиф этилди. Жумладан, тадбирда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов ҳам иштирок этди.
«Ўзбекистонда шахмат спорт турига юксак эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4954-сонли қарорнинг имзоланиши ҳам шундан далолат беради. Мана бугун университетга келганимизда ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг махсус майдонлари борлигига гувоҳ бўлдик. Шулар қаторида шахмат майдонининг ташкил этилганлиги юртимизда спорт соҳасига бўлган эътибор ҳамда ёш авлодда ақл гимнастикасига бўлган қизиқишни кучайтиришдан далолат беради. Ўйлашимча, ҳар бир муассасада шу каби шахмат ёки спорт майдони бўлиши мамлакатимизда соғлом турмуш тарзига амал қилувчилар сонининг ўсишига олиб келади», - деди вазир ўринбосари.
Шу ўринда А.Каримов ОАВ вакилларининг спорт соҳасини ривожлантириш йўлида вазирлик билан ҳамоҳанг ишлаб келаётгани ва спорт тадбирларини фаол ёритаётганини алоҳида эътироф этиб, бунинг учун уларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда журналистика таълим йўналишлари мавжуд бўлган Олий таълим муассасалари, агентлик ва теле/радиокомпаниялар ўртасида меморандумлар имзоланди.
Унга кўра, томонлар билан ўқув жараёни, ўқув-услубий, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш, такомиллаштириш ва ривожлантириш, юқорида қайд этилган олий таълим муасассасалари томонидан амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини мувофиқлаштириш меморандумнинг бош мақсади этиб белгиланди.
Шунингдек, тадбир доирасида меҳмонлар университет ўқув базаси билан таништирилиб, кўргазмали машғулотлар ташкил этилди.
Шуниси диққатга сазоворки, университет ҳудудида ташкил этилган шахмат бурчаги меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Бугун биз бемалол дунёга ўзимизнинг икки спорт туримизни олиб чиққанлигимиз билан фахрлансак арзийди. Булар – шатранж (ёки бугунги кунда шахмат) ҳамда кураш спорт турларидир.
Эътиборлиси, бўлажак журналистлар дарслардан бўш вақтларида очиқ осмон остида, тоза ҳавода шахмат ўйнаб, ўз ақл-заковати, тафаккурини янада бойитишлари мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги