Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида

2021-05-06 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек, жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан билдирилган таклифларни инобатга олиб:

1. Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев):

Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқласин;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштирсин ҳамда уни 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилсин.

2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассисларини шартнома асосида муайян муддатга жалб қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ушбу раҳбар ходимлар ва мутахассисларга асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақини тўлиқ тўлаб берилишини, ушбу харажатлар ҳамда уларнинг уй-жой ижараси тўловларини Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилишини таъминласин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10 фоизи 2022 йил 1 январдан бошлаб, яна қўшимча 10 фоизи 2023 йил 1 январдан бошлаб тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилади;

бундан бўшайдиган Давлат бюджети маблағлари туман (шаҳар) шифохоналарининг дори воситалари, реактивлар ва тиббиёт ускуналари таъминотини яхшилашга ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида қўшимча койка фондини ташкил этишга йўналтирилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар 2022 йил учун, 2022 йил 1 октябрга қадар эса 2023 йил учун ҳар бир туман (шаҳар) шифохоналари кесимида бўшайдиган маблағлар ҳажмини ва уларни ишлатиш йўналишларини белгилаб берсин.

4. 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилсин.

Ҳамширалик иши фаолиятини амалга оширишга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ўрнатилган тартиб билан бир қаторда қуйидаги талаблар белгилансин:

ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар амалга ошириши;

тиббий муолажалар мазкур Фармоннинг 1-банди тўртинчи хатбошисига мувофиқ ўрта тиббиёт ходимлари мақомини оширишдан келиб чиқиб бажарилиши;

ҳамширалик иши фаолияти билан шуғулланаётган шахс белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориши.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ўрта тиббиёт ходимлари томонидан ўзини ўзи банд қилган ҳолда ҳамширалик иши фаолиятини амалга ошириш тартибини тасдиқласин.

5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.М.Хаджибаев) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга оширсин.

Бунда, қуйидагиларни назарда тутувчи клиник ординатурада ўқитишнинг янги тизими жорий этилсин:

а) клиник ординатура ўқув даврининг иккинчи йили ҳудудлардаги ихтисослашган тиббиёт марказлари филиалларида, вилоят болалар ва катталар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази филиалларида ўтказилади, шунингдек, маълум бир қисми иш жойида давом эттирилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан:

ҳудудга зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун тегишли маҳаллий бюджетдан етарли миқдорда грант ажратилади ҳамда мазкур грант асосида таълим олган битирувчиларга тегишли ҳудудга бориб, уч йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади;

ҳудудга фаолият юритиш учун юборилган тор мутахассисликдаги шифокорларнинг яшаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

6. 2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилсин:

махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган “мобиль тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;

нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни амалиётга тўлиқ жорий этиш мақсадида нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун зарур шароитлар яратсин, улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борсин.

7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этсин. Бунда:

эҳтиёжманд оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланиши;

имтиёзли тоифадаги шахслар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражаларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланиши;

имтиёзли тоифадаги шахсларга давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми, тури ва касалликлар рўйхатидан ташқари кўрсатиладиган тиббий ва бошқа ёрдамлар қўшимча ҳисобланиши ҳамда улар томонидан белгиланган тартибда ҳақ тўланиши назарда тутилсин.

Молия вазирлиги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирлари учун бюджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратсин.

8. Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

Жамғармани молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

давлат соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан Жамғармага йўналтириладиган ажратмалар;

халқаро молия ташкилотларининг грант маблағлари;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўровига асосан 2021 йилда Жамғармага 50 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ажратсин, 2022 йилдан бошлаб эса зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида кўзда тутсин.

Белгилансинки, Жамғарма маблағлари таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқланадиган Ишчи гуруҳининг қарорига асосан ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассислар, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, уларни моддий рағбатлантириш тўловларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассисларни тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан яшаш жойи билан таъминлаш чораларини кўрсин.

9. Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (кейинги ўринларда – Палата) 2021 йил 1 июлдан унга Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказини қўшиб олиш йўли билан қайта ташкил этилсин ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Палата Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Врачлар ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш республика марказининг маблағлари, мулки, шу жумладан, бино ва иншоотлари, автотранспорт воситалари, ускуна, техника ва инвентарлари Палатага ўтказилади;

Палата раҳбарига, зарур ҳолларда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида мутахассислар жалб қилиш ҳуқуқи берилади;

Палата ва унинг ҳудудий бўлинмалари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 110 та этиб белгиланади.

10. Палатага қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришини таъминлаш;

аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали унинг шаффофлигини таъминлаш.

11. Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

12. 2021 йил 1 июндан бошлаб тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини рўйхатдан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган хорижий ташкилотлар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, мазкур иловада кўрсатилган ташкилотларнинг талабларига асосан сертификатланган тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилишида лаборатория синовларидан ўтказилмайди ҳамда ўрнатилган тартибда ўн беш иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилади.

Давлат божхона қўмитаси (М.Б.Азимов) Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мазкур бандда назарда тутилган тиббий техника, тиббий буюмлар ва уларнинг бутловчи қисмларини ортиқча тўсиқларга йўл қўймасдан республика ҳудудига олиб кириш устидан доимий назорат ўрнатсин.

13. Белгилаб қўйилсинки, мазкур Фармоннинг 3 ва 7-бандлари 26 та туман (шаҳар)ларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сон Фармонида, Сирдарё вилоятида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4890-сон қарорида белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда қўлланилиши мумкин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 5-иловага мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Бош вазир маслаҳатчиси О.М.Умаров ҳамда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.А.Азизов “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш, зарур бўлганда, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш, шунингдек, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш аҳволи ва амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиш юзасидан бевосита масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.

18. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Б.А.Мусаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев, соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев, унинг ўринбосарлари А.Ш.Иноятов, У.Ю.Собиров, Э.И.Баситханова, А.А.Азизов, А.В.Алимов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

19. Ушбу Фармоннинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 5 май

 

Манба: ЎзА

Поделиться